Инсон ҳуқуқлари соҳасида қандай ишлар амалга оширилади?

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида энг устувор ислоҳотлар қамраб олинган.

Ислоҳотлар дастурлари тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга ва айрим ташаббуслар бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилиш талаб этилмайди. Ҳар бир ислоҳотлар дастурининг ижроси учун шахсан жавобгар бўлган масъул раҳбар ва мувофиқлаштирувчи давлат ташкилоти белгиланди.

Дастур билан 337 банддан иборат амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Жорий йилда соҳалар кесимида энг муҳим 59 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва энг муҳим стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

“Ўзбекистон - 2030” стратегияси доирасида 2026 йил давомида ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳалари рўйхатининг 4-бандида “Инсон ҳуқуқлари - 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланган.

Давлат дастури бўйича амалий тадбирлар режасининг 266-бандида эса Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумини ўтказиш кўзда тутилди.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, навбатдаги Самарқанд форуми БМТнинг 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган иккита асосий ҳужжати – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 60 йиллиги, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллигига бағишланиши кўзда тутилмоқда.

Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми 2018 йилдан бошлаб анъанавий тарзда ҳар икки йилда ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказиб келинмоқда. Форум ташкилотчилари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 9 октябрда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ва инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Бу ҳужжат Президентнинг 2020 йил 22 июндаги "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган.

Самарқанд форумида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашилади. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқлари ва ташаббуслари муҳокама қилинади. Мамлакатнинг халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамиятнинг инсон ҳуқуқларига риоя этилишида саъй-ҳаракат ва имкониятларини бирлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган. 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech