Янги китоблар тақдимоти
25 февраль куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ғулом Мирзонинг Уюшма ҳомийлигида чоп этилган “Эй, Ой!” номли сайланма ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан чиқарилган “О, Луна!” шеърлар китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, даставвал, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 15 январда имзоланган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражасини оширишдан иборат экани ҳамда юртимизда 1 одам ўқийдиган китоб сонини йилига ўртача 10 та китобга етказиш вазифа этиб белгилангани таъкидланди.
Қарорга мувофиқ, барча вазирлик ва идораларда “Китоб бурчаги” ташкил этилиб, ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилмоқда, чунки китоб мутолаасида гап кўп. Шарқда ва Ғарбда инсониятни юксак тараққиёт сари бошлаган Ренессансларнинг барчаси китоб ёзиш ва тарқатиш, кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, турли тиллардан турфа асарларни таржима қилиш ҳамда ўқиш ва ўрганишдек қамровдор маънавий-маърифий жараёнларга таянган.
Тақдимотда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси раиси Талъат Мурадов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Эй, Ой!” сайланма китобининг масъул муҳаррири, шоир Шоди Отамурод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “О, Луна!” шеърий китобининг таржимони, шоир ва таржимон Рифат Гумеров сўзга чиқди. Янги китоблар юртдошларимизнинг китобга меҳрини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир якунида Акмал Саидов Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Миллий марказнинг 40 та ва Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмасига 60 дан ортиқ китоби ҳамда тегишли сертификатларни топширди.
Ўзбекча
English
Русский