Янги Ўзбекистонда аёллар ва болалар ҳуқуқлари ишончли таъминланади
Мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда самарали йўлга қўйиш борасида янги ва муҳим қадам қўйилди. Куни кеча, 2026 йил 3 мартда “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармоннинг асосий мақсадлари:
биринчидан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш;
иккинчидан, молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;
учинчидан, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш;
тўртинчидан, оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни “маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус курсларида бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курслар сифати ва таъсирчанлигини тубдан оширишдан иборат.
Фармонда эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди. Ваколатли орган ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирилган ҳолда ташкил этиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш бўйича тегишли вазифалар кўзда тутилди.
Фармон билан Ўзбекистон қонунчилигига халқаро тажрибадаги янги атамалар кириб келмоқда. Гап шундаки, мутасадди ташкилотларга қуйидаги ҳолатлар, яъни:
-
Фемицид — аёлни айнан жинси сабабли қасддан ўлдириш;
-
Сталкинг — шахсни унинг эркига қарши равишда ноқонуний таъқиб қилиш;
-
Киберзўравонлик — интернет ёки ижтимоий тармоқлардаги таҳдид ва тазйиқлар учун жавобгарлик белгилаш топширилди.
Шунингдек, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига қарши курашишнинг аниқ механизмлари ва амалий чоралари белгиланди. Жумладан, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига, яъни телефон, планшет ва бошқа қурилмаларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.
Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат қилиш учун аниқ топшириқлар берилди. Шу мақсадда Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский