Қийноққа қарши курашиш мавзусидаги ўқув курси Тошкент вилоятида ўтказилмоқда

12 март куни Тошкент вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бошланди. Икки кунлик тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги машғулотлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Ўқув курсида вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 76 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этмоқда. Тадбирда асосий эътибор БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, тингловчиларнинг қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилмоқда.

Дастлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов видеомурожаатлари намойиш этилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазоларни бутунлай истисно қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон БМТнинг Қийноққа қарши конвенциясига қўшилгани ва унинг талабларини бажариш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўраётгани алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, ички ишлар, прокуратура ва суд органларида ходимлар учун мунтазам ўқув машғулотлари ташкил этилиб, жазони ижро этиш муассасаларида эса жамоатчилик ва омбудсман мониторинглари кенгайтирилди.

Сўзга чиққанлар, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури орқали ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат идораларида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, қийноқ ҳолатларини мутлақо истисно қилиш каби вазифалар Миллий стратегиянинг асосий йўналишлари эканига алоҳида урғу бердилар.

Ўқув курсининг биринчи кунида иштирокчилар қатор маърузаларни тинглади. Хусусан, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталди.

Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи Алимжан Матчанов қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар, шунингдек, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши мавзуларида сўз юритди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи Луқмонжон Исоқов қийноқ билан боғлиқ қилмишларнинг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши ҳақида маъруза қилди.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Носиржон Расулов қийноққа оид ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида фикр билдирди.

Биринчи кун доирасида амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда турли кейслар устида ишладилар ва қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштирдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech