Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Аёллар мақоми бўйича комиссияси сессияси доирасидаги тадбирларда иштирок этди
Илгари хабар берганимиздек, Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Аёллар мақоми бўйича комиссиясининг 70-юбилей сессиясида иштирок этмоқда. Унинг доирасида делация аъзолари бир қатор юқори даражадаги халқаро тадбирларда қатнашди.
Жумладан, вазирлар даражасидаги “Барча аёллар ва қизлар учун одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш ва мустаҳкамлаш” мавзусидаги давра суҳбати ҳамда “Тизимдаги бўшлиқларни бартараф этиш: барча аёллар ва қизлар учун одил судловни таъминлаш” мавзусида интерактив мулоқот давомида делегация аъзолари Ўзбекистонда хотин-қизларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ва суд тизимида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, делегация аъзолари сессия доирасида ўтказилган ялпи мажлислар, тематик муҳокамалар ва турли халқаро учрашувларда иштирок этиб, Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Шу билан бирга, ташриф доирасида бир қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказилди. Жумладан, Қозоғистон Республикаси делегацияси билан мазмунли мулоқот бўлиб ўтди. Хусусан, икки мамлакат ўртасида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Учрашув якунида келгусида ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма тадбирлар ташкил этишни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекча
English
Русский