Қайси қарорлар адолатли, қайсилари одамларга манфаат келтирмаётгани бўйича доимий мониторинг ўтказилади
Президентимиз бугун ижтимоий-социологик тадқиқот натижалари давлат сиёсати ва ислоҳотларининг асосий йўналишларини белгилаб бериши кераклигини таъкидлади. Шу боис, социология фан сифатида қайта тикланди, олийгоҳларда социологлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида ижтимоий-социологик тадқиқотлар кўлами ва сифати оширилади.
Эндиликда бир марталик сўровлар эмас, балки қаерда ишонч ортаётгани, қаерда заифлашгани, қайси қарорлар адолатли, қайсилари одамларга манфаат келтирмаётгани бўйича доимий равишда мониторинг ва таҳлиллар ўтказилади.
Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари рейтинги методологиясини ишлаб чиқиб, таҳлиллар асосида рейтингни шакллантириш ва мунтазам равишда Президентга киритиб бориш топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан видеоселекторда ижро интизоми масалалари ҳам кўриб чиқилди. Берилган ҳар бир топшириқнинг реал ижро ҳолати бўйича кундалик назорат ўрнатиш, масъулиятни ҳис қилмаган, сусткашликка йўл қўйган раҳбарлар бўйича танқидий, очиқ ва холис ахборот киритиб бориш вазифаси қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котибининг расмий канали
Ўзбекча
English
Русский