Фуқаролик ишлари бўйича даъво аризаси киритишда қайси тараф жойлашган ердаги судга мурожаат қилиш керак?
Ҳуқуқий муносабат
Мазкур саволга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиника услубчиси Айгерим Арипбаева қуйидагича жавоб берди:
–Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасига мувофиқ, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.

Ташкилотларга нисбатан аризалар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади. Демак, фуқаро даъво аризаси билан судга мурожаат қилса, у жавобгар, яъни иккинчи томоннинг жойлашган ёки рўйхатга олинган жойидаги фуқаролик судига мурожаат қилиши зарур.
Фуқаролик процессуал кодексининг 36-моддасига мувофиқ, тарафлар ўзаро келишиб, муайян иш учун ҳудудий судловга тегишлиликни ўзгартириши мумкин.
Ушбу кодекснинг 35-моддасида белгиланган судловга тегишлилик тарафлар келишуви бўйича ўзгартирилиши мумкин эмас. Юқоридаги нормага кўра, даъвогар ва жавобгар биргаликда келишиб, суд бўладиган ҳудудни ўз хоҳишларига кўра белгилашлари мумкин.
Агар тарафларнинг судда офлайн тарзда иштирок этиши иложи бўлмаса, улар судда онлайн тарзда иштирок этиш ҳуқуқига эгалар.
Фуқаролик процессуал кодексининг 209-моддасига мувофиқ, судларда видеоконференцалоқани амалга оширишнинг техник имконияти бўлган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар суднинг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисида бу ҳақда ўзлари илтимоснома берганда ёки суднинг ташаббусига кўра иштирок этиши мумкин.
Кўрсатилган шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиши тўғрисида суд ажрим чиқаради. Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахслар, одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга ва ўз кўмагида ушбу шахслар бундай мажлисда иштирок этиши мумкин бўлган тегишли судга юборилади. Демак, фуқаролар тегишли судга ариза бериш орқали суд мажлисида онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин бўлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский