Тошкент вилоятида қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув курси якунланди

13 март куни Тошкент вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси ўз ишини давом эттирди. Машғулотларда вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 76 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди.

Курснинг иккинчи куни Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти Қувонч Қодиров “Нельсон Мандела қоидалари”нинг мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилди.

Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Юридик фанлар кафедраси ўқитувчиси Достон Эшқулов ушлаб туриш ва қамоққа олиш жараёнларига оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари ҳамда қийноқ жинояти учун жавобгарлик масалалари юзасидан чиқиш қилди.

Бундан ташқари, халқаро эксперт Азамат Шамбилов “Янгиланган Нельсон Мандела қоидалари” мавзусидаги онлайн маърузасини тақдим этди.

Миллий марказ бўлим бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев Ўзбекистоннинг қийноқларга қарши халқаро мажбуриятлари йўналишдаги барча ишлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган Миллий таълим дастури билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади. Мазкур дастур орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш, уларда қийноқ ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маданиятини юксалтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Курс давомида назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғунлаштирилди. Ўқув курси якунида тингловчилар билимларини баҳолаш мақсадида тест синовидан ўтдилар. Имтиҳонни муваффақиятли топширган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Икки кунлик тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Машғулотлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бундай малака ошириш тадбирлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қийноқ ва инсон қадрини камситувчи ҳар қандай муомалага барҳам бериш бўйича миллий саъй-ҳаракатларни янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech