Мурожаатлар билан ишлашнинг такомиллаштирилган янги тизими ҳақида мулоқотлар ўтказилди
Шу йил 16-19 март кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими масъул ходимлари Бухоро вилояти Ғиждувон ва Когон туманларида аҳоли билан учрашувлар ўтказди.
Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Отабек Норбоев маълум қилишича, ушбу жонли мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисида”ги Низом талаблари ва Миллий марказнинг 2026 йилги иш режаси доирасида ташкил этилди.
Учрашувлар, хусусан, Ғиждувон тумани ҳокимлиги, прокуратура, адлия бўлими, кадастр агентлиги, қишлоқ хўжалиги бўлими, архитектора ва Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда туман прокуратураси биносида бўлиб ўтди. Шунингдек, “Уба-чўли”, “Ниёзпоён”, “Геофизика” ҳамда “Ўзбекистон” маҳаллаларида, шунингдек, Когон тумани ҳокимлиги, прокуратураси, адлия ва қишлоқ хўжалиги бўлимлари, кадастр агентлиги, архитектура ҳамда Давлат хизматлари маркази ходимлари билан ҳамкорликда адлия бўлими биносида, “Баховуддин Нақшбанд”, “Беклар”, “Ниёзҳожи”, “Нурафшон”, “Туткунда”, “Хўжа Якшанба” ва “Мустақиллик” маҳаллаларида ўтказилди.
Мулоқотларда маҳаллий, ҳудудий идоралар вакиллари ва масъул ходимлари ҳамда 85 нафардан ортиқ фуқаро қатнашди.
Учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида, шунингдек, яқиндагина Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган долзарб масала ва мутасадди раҳбарларга берилган топшириқлар борасида сўз юритилди.
Фуқароларга мурожаатлар билан ишлашга доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашга ва назорат қилишга масъул идоралар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти бўйича тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, фуқаролар билан сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабул жараёнида бир гуруҳ фуқароларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди ва уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский