Инсон ҳуқуқлари модули доирасида сайёр дарс
26 март куни Инсон ҳуқуқлари уйида Тошкент давлат юридик университетининг Жиноий одил судлов факультети 2-босқич талабалари учун машғулот ўтказилди. Сайёр дарс Инсон ҳуқуқлари модули доирасида ташкил этилди.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Таълим ва маърифат бўлими раҳбари Ф.Ҳайитбоев очди. Талабаларга Миллий марказ фаолияти тўғрисида мухтасар маълумот берилди.
Миллий марказ масъул ходимлари Н.Арслонов ва А.Турдибеков ўзлари ишлайдиган бўлимлар фаолияти тўғрисида атрофлича тўхталдилар. Миллий марказда ташкил этилаётган тадбирлар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Машғулот давомида Тошкент давлат юридик университетининг “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси профессори Г.Йўлдашева сўзга чиқди. Маърузачи ёшларга, жумладан, Миллий марказнинг бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорлиги ва илмий-тадқиқот йўналишидаги ишлари юзасидан зарур маълумотлар тақдим этди.
Талабалар учун ташкил қилинган машғулот қизиқарли ва мунозараларга бой бўлди.
Тадбир якунида талабалар Инсон ҳуқуқлари уйи фаолияти билан танишдилар. Бу ерда мавжуд илмий ва амалий адабиётлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский