“ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ” ЖУРНАЛИ ТАҚДИМОТИ

Бугунги кунда Президентимиз Ш. М. Мирзиёев раҳбарлигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда инсон қадри ва халқ манфаатлари устувор бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз ва халқимиз олдидаги бундай улуғ мақсадга эришиш учун жамиятимизда инсон ҳуқуқлари таъминланишини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билимини ошириш ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали айни шу долзарб мақсадга эришиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний кафолатлаш борасидаги миллий амалиёт ҳамда хорижий тажрибани ёритишга ихтисослашган. Журнал ўзбек, рус ва инглиз тилидаги долзарб илмий ҳамда маърифий мақолаларни юртимизда ва халқаро миқёсда ёритиб келмоқда.

Шунингдек, у Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган (Халқаро идентификация рақами (doi®): 10.34920/p1696-2206-6326-y).

Журнал таҳририятининг ижодий жамоаси 2024 йилда “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳаётимиз билан боғлиқ долзарб мавзулардаги материаллари учун” номинацияси ғолиби бўлган.

Жорий йил 30 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг 2026 йил – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йилига бағишланган навбатдаги сони тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг докторант, магистрант ва мустақил тадқиқотчилари, мамлакатимиздаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирок этди. Тақдимотда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг Таҳрир кенгаши аъзолари, журналнинг мазкур сонида мақоласи нашр этилган тадқиқотчилар ва ҳуқуқий мавзуларни ёритишга ихтисослашган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам қатнашди.

Анжуманни “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали Таҳрир кенгашининг раиси, академик Акмал Саидов очар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан илмий-ҳуқуқий журналларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталди. Бу борада “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали юртимиздаги етакчи илмий-маърифий журналлардан бири эканини таъкидлади.

Шундан сўнг, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Нигина Раҳимова “Давлат ва жамият қурилиши стратегиясига янгича қараш: маҳалла – бирдамлик, ишонч ва ҳамжиҳатликнинг ноёб институти” мавзусида маъруза қилди.

Маърузада маҳалла мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг муҳим институти ҳамда замонавий давлат ва жамият қурилишининг асосий таркибий қисми экани, олиб борилаётган социологик тадқиқотлар маҳалла фаолияти механизмлари, унда аҳолининг иштироки даражаси ва инсонларни ташвишга солаётган масалаларни тушунишга имкон беришига эътибор қаратилди. Жорий йилга юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб ном берилиши ислоҳотларни маҳалла даражасида янада самарали амалга оширишга ҳисса қўшиши ҳақида мулоҳаза юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси  Абдулҳаким Эшмуратовнинг маърузаси ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Маърузачи қайд этганидек, мамлакатимиздаги долзарб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий вазифаларни ҳал қилишда Олий Мажлиснинг ролини ошириш, умуман, кучли миллий парламентни барпо этиш Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотларда доим муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

Бугунги кунда Сенатда қонунларни муҳокама қилишнинг барча босқичларида маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаол иштирок этмоқда. Муаммоли масалаларни ҳал қилишда “Маҳалла еттилиги – Кенгаш – Сенат” тамойилига асосланган уч босқичли самарали механизм жорий этилган.

Журналнинг 2026 йилдаги биринчи сонида мақола нашр этган муаллифлар ҳам ўз мақолалари мавзуси доирасида маъруза қилдилар. Жумладан, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Фозил Назаров, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мустақил изланувчиси Нодирбек Султонов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Ферузабону Қайимова, Тошкент давлат юридик университети магистранти Асилбек Миржалиловнинг маърузалари тингланди.

Ҳар бир илмий маърузадан сўнг муҳокама ва савол-жавоблар ўтказилди.

Илмий тадқиқотчиларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу маърифий тадбир мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олий таълим муассасаларида юридик соҳада тадқиқот олиб бораётган изланувчиларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишлари учун ўзига хос мулоқот майдони вазифасини бажарди.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech