Автомобиль бошқариш ҳуқуқи бошқага берилганда, қоидабузарлик учун ким жавобгар бўлади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги 125-сонли қароридан бу каби саволларга аниқ ҳуқуқий ечимлар топиш мумкин. Бинобарин, қарор билан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш тартиби белгиланди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан тегишли транспортни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ўтказилгани ҳақида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларини хабардор қилиш имконияти яратилади.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, хабардор қилиш ЯИДХП (my.gov.uz) ёки Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Хабардор қилиш хизматидан фойдаланиш учун транспорт эгаси ЯИДХП ёки мобил иловада шахсий кабинет очган ҳолда сўровнома тўлдиради ва унда бошқариш ҳуқуқини бериш муддатини кўрсатади.

Бошқариш ҳуқуқини олган шахс сўровномани тасдиқлаш орқали келгусида унга нисбатан жарима солиш тўғрисида қарор расмийлаштирилиб борилишига розилигини электрон рақамли имзо ёки “Mobile-ID” ёхуд “Face-ID” орқали тасдиқлайди.

Хабардор қилиш хизмати учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Мазкур қарор билан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга кўра, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома 5 йил муддатга расмийлаштирилиши белгиланди.

Бошқача айтганда, энди жаримани автомобиль эгаси эмас, қоидабузар ҳайдовчи тўлайди. Бинобарин, жарима баллари олмай десангиз, жавобгарлик ўтказилгани ҳақида хабардор қилиш керак бўлади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech