Ўзбекистон вакили МДҲнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси йиғилишида иштирок этди
2 апрель куни МДҲ Ижроия қўмитаси қароргоҳи жойлашган Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди. У МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси, Беларусь Республикаси Бош прокуратураси Жиноят-суд назорати бош бошқармаси бошлиғи Евгения Парамонова раҳбарлигида ўтказилди.
Тадбирда Комиссиянинг Арманистон (онлайн), Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон (онлайн) ва Ўзбекистон (онлайн) вакиллари, шунингдек, МДҲ мамлакатларининг дипломатик ваколатхоналари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитасининг тегишли тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ҳамда Омбудсман Аппарати ходимлари онлайн тарзда қатнашди.
МДҲ Бош котибининг биринчи ўринбосари Игорь Петришенко йиғилиш иштирокчиларини қутлар экан, соғлиқни сақлаш ва ҳамёнбоп тиббиёт ҳуқуқини таъминлаш масалалари алоҳида диққат марказида турганини таъкидлади. Маълумки, 2026 йил Ҳамдўстлик ҳудудида Соғлиқни сақлаш йили, деб эълон қилинган. Бу қарор МДҲ давлатларининг соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлаш ва давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга интилишидан далолат беради. Айни чоғда, тиббий ёрдамдан тенг фойдаланиш имконияти ва унинг сифатини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Комиссиянинг олтинчи йиғилиши доирасида МДҲга аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган 13 та масала кўриб чиқилди.
Йиғилишда 2026 йил Ҳамдўстлик ҳудудида Соғлиқни сақлаш йили деб эълон қилингани шароитида фуқароларнинг соғлигини сақлаш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлаш мавзуси асосий ўринда турди. Комиссия аъзолари ўз мамлакатларининг ҳамёнбоп ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича миллий тажрибасини акс эттирувчи тақдимотларини ўтказди.
Ўзбекистон вакилининг нутқида мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, фуқароларнинг давлат ҳисобидан кафолатланган ҳажмдаги тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи конституциявий даражада мустаҳкамлангани, беморлар ҳуқуқлари батафсил тартибга солингани, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари белгилангани, айрим касалликлар ва аҳоли тоифалари бўйича мақсадли дастурлар қабул қилингани, шунингдек, репродуктив саломатлик, трансплантация ва донорлик каби соҳаларда махсус ҳуқуқий механизмлар ривожлантирилаётгани таъкидланди.
Мамлакатда шу мақсадда махсус жамғармалардан 10 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Жорий йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда “10 минг қадам пиёда юриш” тажрибаси қайта бошланиши ва унга кўра, бир кунда 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўланиши ҳақидаги маълумот йиғилиш иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Муҳокама якунлари бўйича Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида инсоннинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Баёнот қабул қилинди. Шунингдек, иштирокчилар 2026 йил 6–10 апрель кунлари бўлиб ўтадиган ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга йўналтирилган “МДҲда саломатлик ва инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” давлатлараро акциясига тайёргарликнинг боришини кўриб чиқди.
Муҳокама этилган масалалар қаторида “Саломатлик ҳуқуқи” ижодий танловини ўтказиш тўғрисидаги низом лойиҳаси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар нуқтаи назаридан эрта никоҳ муаммолари (Қирғизистон Республикаси мисолида), шунингдек, маҳкумларни ўз фуқаролиги бўлган давлатларга топшириш механизми самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари (Россия Федерацияси ташаббуси) ҳам бор.
Комиссия фаолиятини ташкилий таъминлаш масалаларига, жумладан, Процедура қоидаларига ўзгартиришлар киритиш, эмблемани тасдиқлаш, Комиссиянинг 2026 йилдаги фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботини тайёрлаш ва навбатдаги йиғилиш санасини белгилашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга Комиссиянинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда Инсон ҳуқуқларига риоя этиш индексини тадқиқ қилиш методологияси лойиҳасини тайёрлаш масаласи ҳам кўтарилди. Хусусан, Қирғизистон ва Беларусь ташаббуси билан инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига риоя этилишининг намунавий кўрсаткичлари дастлабки тажриба-синов учун тайёрланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский