Бюджетнинг даромад қисмини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан таҳлил қилишга бағишланди

Бюджет сиёсатига инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни жорий этишга бағишланган семинарнинг якуний куни бюджетнинг даромад қисмини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан таҳлил қилишга бағишланди. Шунингдек, миллий бюджет сиёсатига тегишли ёндашувларни жорий этиш истиқболлари бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Машғулотлар доирасида иштирокчилар солиқ-бюджет сиёсатини баҳолаш методологияларини, жумладан, прогрессив солиққа тортиш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқ ички ресурсларни сафарбар қилиш масалаларини кўриб чиқдилар. Бюджетнинг даромад базасини шакллантиришда адолат ва камситмаслик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси эксперти Игорь Гришко солиқ сиёсатини инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан таҳлил қилиш ёндашувининг асосий жиҳатларини, шу жумладан, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар қўмитасининг қоида ва тавсияларини тақдим этди.

Гуруҳларда ишлаш жараёнида иштирокчилар ўрганилган услуб ва воситаларни қўллаб, бюджетнинг даромад қисмини шакллантиришга доир аниқ мисолларни таҳлил қилдилар. Бу солиқ сиёсати ва инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ўртасидаги ўзаро боғлиқликни чуқурроқ англаш имконини берди.

Алоҳида машғулот инсон ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда бюджетлаштириш соҳасида техник ёрдам кўрсатишнинг халқаро тажрибасига, жумладан, турли мамлакатлар мисолларига бағишланди. Бундай ёндашув ислоҳотларнинг эҳтимолий йўналишлари бўйича амалий тасаввурларни кенгайтиришга хизмат қилди.

Якуний муҳокама доирасида Ўзбекистон Республикаси бюджет тизимида инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни институционализация қилишга қаратилган кейинги қадамлар юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчилар идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат органларининг таҳлилий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда жамоатчилик иштироки механизмларини кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Тадбир сўнгида семинар қатнашчиларига уларнинг иштирокини, бюджет сиёсатига ҳуқуқий ёндашувни қўллаш соҳасида олган билим ва кўникмаларини тасдиқловчи сертификатлар топширилди. Семинар якунлари сарҳисоб қилинди, эришилган натижалар баҳоланди ҳамда мамлакат бюджет сиёсатида шаффофлик, ҳисобдорлик ва инсон ҳуқуқларига йўналтирилганлик тамойилларини янада илгари суришга содиқлик тасдиқланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech