Хивада қийноққа қарши курашиш мавзусида ўқув курси бошланди

13 апрель куни Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бошланди. Икки кунлик ҳуқуқий-маърифий тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов очар экан, мамлакатимизда қийноқларга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг халқаро стандартлар билан уйғунлиги ҳақида атрофлича тўхталди. Акмал Саидов қайд этганидек, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари Конституцияда мустаҳкамланган бўлиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш барча давлат органлари учун устувор вазифадир.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мазкур машғулотлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ўтказилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан,  Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ҳамда ўз вақтида амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон БМТнинг Қийноққа қарши конвенциясига қўшилган ва унинг талабларини бажариш юзасидан тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Шу билан бирга, ички ишлар, прокуратура ва суд органларида ходимлар учун мунтазам ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

Бу галги ўқув курсида ҳам вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан масъул ходимлар тингловчи сифатида иштирок этмоқда.

Машғулотларда асосий эътибор БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, тингловчиларнинг қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech