Бухорода тиббиёт ходимлари учун Истанбул протоколи бўйича ўқув тренинги ўтказилди

16 – 17 апрель кунлари Бухоро шаҳрида «Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муносабат шаклларини суд-тиббий ҳужжатлаштириш» мавзусида икки кунлик тренинг бўлиб ўтди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг қўшма лойиҳаси доирасида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди. Машғулотларни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ҳам фаол иштирок этди.

Тренингда асосий эътибор Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ҳамда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази тиббиёт ходимларининг қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳолатларини Истанбул протоколига мувофиқ ҳужжатлаштириш соҳасидаги халқаро стандартлар юзасидан билим ва кўникмаларини оширишга қаратилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатга қарши кураш давлатнинг халқаро мажбуриятлари тизимида марказий ўрин тутишини таъкидлади. Ўзбекистон Қийноқларга қарши конвенцияга қўшилган ва миллий қонунчиликка ушбу ҳужжатлар талабларини босқичма-босқич жорий этиб келаётган давлат эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офисининг лойиҳалар бўйича халқаро маслаҳатчиси Эндрю Юрковский, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Тиббиёт бўлими бош мутахассиси, подполковник Данияр Хайдаров, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиали суд-гистология бўлими мудири Алфия Закирова сўзга чиқди. Ўқув машғулотларига масъул ташкилот ва идоралар вакиллари эътироф этганларидек, ушбу тренинг учун танланган мавзу фуқаролар ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашда долзарб ҳамда ўта муҳим аҳамият касб этади.

Машғулотларнинг назарий қисми  қийноқ усуллари ва уларнинг суд-тиббий таснифига бағишланди. Амалий қисмда иштирокчилар қийноқлар олдини олишнинг халқаро ва миллий механизмлари, ёпиқ муассасаларда тиббий ёрдам кўрсатишнинг халқаро амалиёти, шунингдек, Истанбул протоколининг мазмун-моҳияти ва асосий тамойиллари билан танишдилар.

Роль ўйинлари орқали шифокор ва бемор ўртасида ишонч ўрнатиш техникалари, фаол тинглаш ва новербал мулоқот кўникмалари чуқур ўрганилди. Экспертлар очиқ саволлардан фойдаланиш муҳимлиги ва суҳбатни нотўғри олиб боришнинг номақбул томонларини атрофлича тушунтирдилар. Викар жароҳати — тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти билан боғлиқ иккиламчи травматик таъсирланиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро эксперт Азамат Шамбилов суриштирув ва тергов жараёнида, шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш жойларида — тергов ҳибсхоналари, қамоқхоналар ва бошқа ахлоқ тузатиш муассасаларида қўлланилиши мумкин бўлган жисмоний ҳамда психологик қийноқ усуллари таснифини тақдим этди. Эксперт шундай ҳолатларда тиббиёт ходимининг хатти-ҳаракати аниқ алгоритм асосида бўлиши зарурлигини таъкидлаб, мустақил тиббий кўрикнинг асосий тамойилларини тушунтирди.

Хорижий эксперт – суд тиббиёти профессори Русудан Бериашвили қийноқнинг ашёвий далиллари ва тан жароҳатларини тавсифлаш мавзусида сўз юритиб, жароҳатларнинг турлари, келиб чиқиш механизмини аниқлаш методикасини, шунингдек, тиббий ҳужжатда фойдаланиладиган стандарт терминология ҳақида тўхталди. Эксперт ҳақиқий амалиётдан олинган мисоллар асосида тўғри ва нотўғри расмийлаштирилган хулосалар ўртасидаги фарқни кўрсатиб, сифатли ҳужжат эксперт хулосасининг суд жараёнидаги исботлаш қийматини қанчалик кучайтиришига эътиборни қаратди.

Бундан ташқари, экспертлар тиббий топилмаларнинг жабрланувчи баёноти билан ўзаро мослигини баҳолаш, шунингдек, хулосаларда холис ва асосли формулалардан фойдаланиш зарурлигига урғу бердилар. Иштирокчиларга Истанбул протоколига мувофиқ ишлаб чиқилган стандарт ҳужжатлаштириш шакллари тақдим этилиб, улар амалий машғулотлар давомида қўллаб кўрилди.

Алоҳида сессия Ўзбекистонда ҳужжатлаштиришнинг мавжуд амалиёти таҳлилига бағишланди. Муҳокама давомида миллий амалиётнинг кучли томонлари ва такомиллаштиришга муҳтож йўналишлари аниқланди, Истанбул протоколи асосидаги амалий шаклларни миллий тизимга босқичма-босқич жорий этиш йўллари кўриб чиқилди.

Тренинг Ўзбекистонда қийноқларни ҳужжатлаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги қадамлар муҳокамаси билан якунланди. Иштирокчилар бу борада кўп томонлама манфаатдор тарафларнинг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари зарурлигини таъкидлаб, қабул хоналарида махфийликни таъминлаш, малакали кадрлар етишмаслигини бартараф этиш, шунингдек, олинган билимларни ҳудудий тиббиёт муассасаларида амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифларни илгари сурдилар.

Тадбир якунида тантанали маросим бўлди. Иштирокчиларга Истанбул протоколига мувофиқ қийноқларни суд-тиббий ҳужжатлаштириш бўйича ўқув дастурини муваффақиятли тугатганлигини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech