Инсон ҳуқуқлари таълими ва қийноққа қарши курашиш бўйича машғулотлар
16-17 апрель кунлари Бухоро вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси бўлиб ўтди. Икки кунлик тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги машғулотлар Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.
Ўқув курсида вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан жами 73 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди. Тадбирда асосий эътибор БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, тингловчиларнинг қийноққа солишга қарши курашиш соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилди.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов очар экан, мамлакатимизда қийноқларга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг халқаро стандартлар билан уйғунлиги ҳақида атрофлича тўхталди. Акмал Саидов қайд этганидек, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари Конституцияда мустаҳкамланган бўлиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш барча давлат органлари учун устувор вазифадир.
Ўзбекистон БМТнинг Қийноққа қарши конвенциясига қўшилгани ва унинг талабларини бажариш юзасидан тизимли чора-тадбирлар кўраётгани алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга, ички ишлар, прокуратура ва суд органларида ходимлар учун мунтазам ўқув машғулотлари ташкил этилаётгани, жазони ижро этиш муассасаларида жамоатчилик ва Омбудсман мониторинглари кенгайтирилгани таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури орқали ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, давлат идораларида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, қийноқ ҳолатларини мутлақо истисно қилиш каби вазифалар Миллий стратегиянинг асосий йўналишлари эканига урғу берилди. Акмал Саидов таъбири билан айтганда, “Қийноққа қарши кураш – бу фақат юридик ёки ҳуқуқий вазифа эмас. Бу – инсоннинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, унинг шахсий дахлсизлигини таъминлашга қаратилган маънавий ва ахлоқий мажбуриятдир. Ҳар бир ходим фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда шахсан масъул ҳисобланади”.
Ўқув курсининг биринчи кунида иштирокчилар қатор маърузаларни тинглади. Хусусан, қамоқхона ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, МДҲнинг ҳудудий (IPPF) Халқаро пенитенциар жамғармаси вакили Азамат Шамбилов “Янгиланган Нельсон Мандела қоидалари” мавзусидаги маърузасини тақдим этди.
Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи Луқмонжон Исоқов қийноқ билан боғлиқ қилмишларнинг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши ҳақида маъруза қилди. Ички ишлар вазирлиги Академияси Киберҳуқуқ кафедраси профессори Алимжан Матчанов қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар мавзуларида сўз юритди.
Курснинг иккинчи куни қизғин маърузалар билан давом этди. Дастлаб Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти Қувонч Қодиров “Нельсон Мандела қоидалари”нинг мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилди. Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти кафедра бошлиғи, профессор Меҳмонали Сувонқулов ушлаб туриш ва қамоққа олиш жараёнларига оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари ҳамда қийноқ жинояти учун жавобгарлик масалалари юзасидан чиқиш қилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Академияси Киберҳуқуқ кафедраси профессори Алимжан Матчанов қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва миллий жиноий-ҳуқуқий тизимда мазкур стандартларнинг қўлланилиши хусусида маъруза қилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Сардорбек Тоганов қийноққа оид ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида фикр билдирди.
Курс давомида назарий билимлар амалий машғулотлар билан уйғунлаштирилди. Ўқув курси якунида тингловчилар билимларини баҳолаш мақсадида тест синовидан ўтдилар. Имтиҳонни муваффақиятли топширган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский