28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ташаббуси билан 2003 йилдан буён 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонлаб келиняпти. ХМТ томонидан ушбу куннинг таъсис қилинишига сабаб бутун дунёда иш жойларида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишга кўмаклашишдир.
Дунёнинг барча давлатларида меҳнат муҳофазаси билан шуғулланувчи ташкилот ва муассасалар мазкур кунга бағишлаб турли тадбирларни ташкил қиладилар. Айни халқаро сана Ўзбекистонда ҳам муносиб нишонланмоқда.
Жумладан, 27 апрель – 1 май кунлари “Меҳнатни муҳофаза қилиш” ҳафталиги кенг нишонланмоқда. Мазкур ҳафталик доирасида пойтахтимизда “Соғлом психологик-ижтимоий иш муҳитини таъминлайлик” мавзусида нуфузли халқаро конференция бўлиб ўтди.
Меҳнат муҳофазаси – ходимларнинг меҳнат фаолияти жараёнида уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва иш қобилиятини сақлаш тизимидир. У ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация ва бошқа тадбирларни ўз ичига олади.
Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунининг тарихи 1989 йилда АҚШ ва Канадада касаба уюшмалари ва ишчилар томонидан иш жойида жароҳатланган ёки ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган “Ҳалок бўлган ишчиларни хотирлаш куни” ўтказилганидан бошланади. Байрам расман илк бор 2003 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан нишонланган. ХМТ бу кунни расман белгилаб, муаммонинг кўламига эътибор қаратишни, иш жойларида хавфсизлик ва соғлиқни муҳофаза қилишга оид муҳим ташаббусларни янада кучайтиришни мақсад қилган.
1948 йил 10 декабрда қабул қилинган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасида ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, меҳнатнинг адолатли ва қулай шароитига ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига, шунингдек ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Муносиб меҳнат муҳофазасини ташкил қилишнинг асосини меҳнат муносабатлари соҳасидаги давлат сиёсати ташкил этади. Бунда уларни тартибга солишга қаратилган миллий қонунчилик етакчи ўринни эгаллайди.
Мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган барча тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун” (янги таҳрири) ҳамда бошқа қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган.
Шу асосда янги таҳрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш профилактика тадбирларини қамраб олувчи меҳнатни муҳофаза қилиш тизими ташкил этилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш, шу жумладан:
- ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳолатлари бўйича ўз вақтида текшириш ўтказиш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ижросини назорат қилувчи давлат органининг кўрсатмаларини белгиланган муддатларда бажаришни таъминлаш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни етарлича молиявий таъминлаш;
- меҳнат шароитлари ва муҳофазаси бўйича тегишли назоратни таъминлаш ва бошқалар давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский