Қарши шаҳрида замонавий Сув спорти саройи фойдаланишга топширилди
28 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қарши шаҳрида илғор жаҳон андозалари асосида қурилган, халқаро даражадаги мусобақаларни юқори савияда ўтказиш имконини берувчи муҳташам Сув спорти саройининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, World aquatics бюроси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, Касаба уюшмалари ҳамда Uzbekistan aquatics федерациялари раиси Қудратилла Рафиқов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, қатор хорижий давлатлар касаба уюшмалари делегациялари, сузиш бўйича икки карра Олимпия ўйинлари совриндори бўлган спортчи, "Сув париси – 2026" халқаро турнири иштирокчилари, депутатлар ва эл ардоғида бўлган фахрийлар, ёзувчи ҳамда шоирлар, спортчилар ва уларнинг мураббийлари иштирок этди.
Тантанали маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спорт тизимида ҳам ўзининг амалий ифодасини топаётганини эътироф этдилар. Айниқса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, ёшларни спортга жалб этиш ҳамда халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тарбиялаш борасида салмоқли ишлар қилинаётгани таъкидланди.
Жумладан, Қудратилла Рафиқов бундан икки йил муқаддам Ўзбекистон Президенти пойтахтдаги сув спорти саройи билан танишиш асносида бундай замонавий иншоотлар нафақат Тошкент шаҳрида, балки барча ҳудудларда, хусусан, Қашқадарёда ҳам бўлиши зарурлигини таъкидлаганини қайд этди. Бинобарин, Қарши шаҳрида ушбу иншоотнинг барпо этилиши инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг яна бир амалий ифодасидир.
Ўз навбатида, Акмал Саидов Қарши шаҳрида бунёд этилган Сув спорти саройининг тантанали очилиши билан боғлиқ муҳим воқеалар атоқли шоир Абдулла Ориповнинг “Сув париси” деган шеърини ёдга солишига эътиборни қаратди. Шеърда шундай мисралар бор:
У сеҳрли сув қизи! Ой нурида оппоқ қор,
Тирилдими қаршимда афсоналар ё қатор.
Яъни, 1960 йилда битилган ушбу шеърдаги афсоналар орадан 66 йил ўтиб рўёбга чиқмоқда. Азал-азалдан экинни суғориш у ёқда турсин, ҳатто ичимлик учун сув топиш муаммоли ҳисобланадиган Қарши чўли бағрида шу юрт фарзандлари айнан сув спорти билан шуғулланишлари учун замонавий сарой қад ростлагани – бу, аслида ҳам, мўъжизадир.
Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси туфайли айнан Абдулла Ориповдек даҳо шоирни камолга етказган ўлка марказида энди улуғ ижодкор тасаввуридаги хаёлий образлар эмас, балки ҳақиқий “сув парилари” етишиб чиқиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилмоқда. Мана шу муҳташам Сув спорти саройида шуғулланадиган Қашқадарё ёшлари тез орада нафақат ўз вилояти, балки бутун Ўзбекистон номи дунё саҳнида қайта-қайта шарафланишига муносиб ҳисса қўшишлари тайин.
Шунингдек, очилиш маросими давомида жорий йилнинг 25-27 апрель кунлари пойтахтимизда ўтказилган синхрон сузиш бўйича "Сув parisi – 2026" очиқ халқаро турнирининг ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Бундан ташқари мезбон Ўзбекистон, хорижий Қозоғистон, Россия ва Беларусь каби давлатлардан келган сув парилари иштирокидаги чиқишлар ҳамда куй-қўшиқлар барчага кўтаринкилик бағишлади.
Маълумот учун: Қарши шаҳридаги мазкур Сув спорти саройи 2 гектар майдонда қад ростлаган бўлиб, барча турдаги сув спорти мусобақаларини ўтказиш имкониятига эга. Мажмуа таркибида 50×21 метр ўлчамли сузиш ҳавзаси, 16×16 метр ўлчамли ва 10 метр баландликдан сувга сакраш учун мўлжалланган ҳавза, қуруқ бассейн, шунингдек, 6×12 метр ўлчамли иккита болалар ҳовузи мавжуд.
Баландликдан сакраш ҳавзасида 1, 3, 5, 7,5 ва 10 метрли беш босқичли минора ҳамда 7 та замонавий трамплин ўрнатилган. Бундан ташқари, иншоотда ёпиқ сузиш ҳавзаси, маъмурий хоналар, медиа зона, фитнес ва йиғилиш заллари, 700 ўринли томошабинлар трибунаси, кенг холл, душ ва кийим алмаштириш хоналари, дам олиш ҳудудлари ташкил этилган.
Мажмуанинг муҳандислик тизимлари ҳам замонавий технологиялар асосида жиҳозланган. Хусусан, сувни тозалаш фильтрлари, насос агрегатлари, иситиш айланмалари ва вентиляция ускуналари ўрнатилган бўлиб, вентиляция тизими соатига 90 минг метр куб тоза ҳаво етказиб бериш қувватига эга.
Эътиборлиси, барча жиҳоз ва ускуналар Хитой, Италия, Испания, Германия ва АҚШнинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, энергия самарадорлиги ва юқори сифат кўрсаткичлари билан ажралиб туради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский