“Хитой – Марказий Осиё-2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
24 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь билан учрашди. Суҳбат чоғида томонлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб йўналишларини, шунингдек, Ўзбекистон ва Хитойнинг тегишли тузилмалари ўртасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш истиқболларини муҳокама қилди.
Минтақавий мулоқотни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш кун тартибини илгари суриш бўйича қўшма ташаббусларни ривожлантириш мақсадида ўтказилиши режалаштирилаётган “Хитой – Марказий Осиё-2026” форумига тайёргарлик кўриш ва уни мазмунан бойитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бўлажак тадбир инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг замонавий ёндашувларини муҳокама этиш, экспертлар ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда минтақадаги гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Томонлар Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Хитой Халқ Республикасининг дипломатик миссияси ўртасидаги конструктив ва ишончли мулоқот қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мавзуга доир тадбирларни ўтказиш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида илғор тажриба алмашиш учун қулай шароит яратишини алоҳида қайд этдилар.
Учрашув якунида томонларнинг ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шунингдек, “Хитой – Марказий Осиё-2026” форумига тайёргарлик кўриш бўйича биргаликдаги ишларни изчил давом эттиришга тайёрлиги тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский