“Хитой – Марказий Осиё – 2026” форуми якунида Қирғизистон делегацияси Ислом цивилизацияси марказида бўлди
Тошкентда 14 май куни ўз ишини якунлаган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми доирасида 15 май куни Қирғизистон Республикаси делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Президент Шавкат Мирзиёев ғояси билан барпо этилган ушбу улкан мажмуа миллий тарихимизни замонавий тараққиёт билан туташтирувчи илмий-маънавий маскандир. Қирғизистонлик меҳмонлар бу ерда Ўзбекистоннинг бой маънавий мероси ва интеллектуал салоҳиятини ўзида мужассам этган экспозициялар билан танишдилар.
Меҳмонларнинг асосий эътибори Шон-шараф зали, Қуръони Карим зали ҳамда исломгача бўлган даврни ёритувчи Сўғд залидаги нодир тарихий экспонатларга қаратилди. Шунингдек, уларга “Бағрикенглик” майдонида динлараро тотувлик анъаналари, Бақтрия ва Хоразм цивилизациялари ҳамда Буюк Ипак йўлига бағишланган бўлимлар мазмун-моҳияти ғоят манзур бўлди.
Қирғиз қардошларимизнинг таъкидлашича, бу ердаги илғор технологиялар билан безатилган заллар Шарқ Ренессанси даври, ислом илми ва маданиятининг ёрқин саҳифаларини теран ва жонли тарзда етказиб бериши билан алоҳида таҳсинга лойиқ.
Делегация аъзолари ушбу маскан халқлар ўртасидаги маданий мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим кўприк вазифасини ўташини алоҳида эътироф этиб, Марказ раҳбариятига чуқур миннатдорчилик изҳор қилдилар. Қирғизистонлик меҳмонларнинг ушбу ташрифи форумнинг муваффақиятли якуний тадбирларидан бирига айланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский