“Хитой – Марказий Осиё – 2026”: Ўзбекистон ва Қирғизистон вакиллари мулоқоти
Тошкент шаҳрида 14 майда бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми иштирокчилар учун қамровдор мулоқот майдонига айланди. Форум доирасида очилиш маросими, ялпи мажлис, учта панел йиғилиши, Меморандум имзолаш тадбири ва “Тошкент ташаббуси” номли Якуний ҳужжат тақдимотлари ўтказилди.
Форум мулоқотлари ҳатто қисқа танаффуслар пайтида ҳам давом этди ва бундай жонли мулоқотлар ҳамкорларимизнинг икки томонлама ва кўп томонлама муносабатлари истиқболини янада аниқ-пухта белгилаб олишда ўзига хос аҳамият касб этди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидовнинг Қирғизистон делегацияси вакиллари билан икки томонлама учрашуви шундай мулоқотлар сирасига киради.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида бошқа соҳалар қатори инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Икки мамлакат Президентларининг доимий ва самарали мулоқотлари ушбу жараён ривожида намуна бўлиб хизмат қилаётгани эътироф этилди. Давлатларимизнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик ҳолати юқори баҳоланди.
Суҳбат асносида Қирғизистон Республикаси Омбудсмани (Акийкатчи) институти вакиллари самимий мулоқот ва форумда иштирок этиш имконияти берилгани учун миннатдорлик изҳор этдилар. Шунингдек, “Хитой – Марказий Осиё – 2026” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми кун тартибига киритилган масалалар ғоят муҳим ва долзарб эканлиги таъкидланди.
Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор амалий таклифларни муҳокама қилдилар. Жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ижтимоий соҳа мутахассислари учун қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, миграция шароитида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш фикр алмашилди. Мазкур ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаб, минтақавий ҳамкорлик майдонини шакллантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Миллий марказ директори қўшни ва қардош мамлакат вакилларини жорий йил Самарқандда ўтказиладиган бешинчи Инсон ҳуқуқлари форумига таклиф қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский