Бухорода профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг ўтказилди

22 июнь куни Бухоро шаҳрида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, шунингдек, ички ишлар органлари ва маҳалла тизими ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбир маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ) профилактика инспекторлари учун “Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусига бағишланди.

Семинар-тренингда асосий эътибор профилактика инспекторларининг ҳуқуқий билим ва касбий салоҳиятини ошириш, инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар ҳамда миллий қонунчилик нормаларини амалиётда тўғри қўллаш кўникмаларини мустаҳкамлашга  қаратилди. Шунингдек, маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича самарали ёндашувларни жорий этиш масалалари алоҳида диққат марказида турди.

Тадбирни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, подполковник Aвазбек Иномов очди. У профилактика инспекторларининг жамиятда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашдаги ўрни ҳақида сўз юритар экан, маҳалла институти билан ҳамкорликнинг аҳамияти ҳамда замонавий ёндашувларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Семинарда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев сўзга чиқиб, Бухоро вилоятида инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш борасидаги ишлар ҳақида тўхталди. Шунингдек, у “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва миллий стандартлар” мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар билан манзилли ишлашда фаоллик кўрсатган 13 нафар МФЙ профилактика инспектори фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Уларга Миллий марказ томонидан нашр этилган ҳуқуқий адабиётлар тақдим этилди.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг минтақавий вакили Миршод Очилов “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар” мавзусида маъруза қилди. У болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат органлари ва жамоатчилик ҳамкорлигининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.

Бухоро давлат университети Юриспруденция кафедраси доценти, юридик фанлар номзоди Шариф Ражабов “Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш — давлат ва жамиятнинг олий бурчи” мавзусида чиқиш қилди. Маърузада инсон қадр-қимматига ҳурматни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари тушунтириб берилди.

Ички ишлар вазирлиги Академияси Давлат ва ҳуқуқий фанлар ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси доценти подполковник Умид Фозилов “Қийноқларга қарши кураш ва унинг ички ишлар органлари фаолиятидаги аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. Маърузада ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Семинар-тренинг иштирокчилар учун нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки амалий фаолиятда учрайдиган муаммолар юзасидан фикр алмашиш, тажриба бўлишиш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш имконини ҳам берди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech