Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун тренинг якуни: касбий этика, мулоқот ва оператив амалиёт масалалари таҳлили

24 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва қамоқда сақлаш жойларини бошқаришнинг илғор амалиёти» мавзусидаги уч кунлик тренингнинг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг қўшма лойиҳаси доирасида, ЕХҲТ лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича 2025–2026 йилларга мўлжалланган «Йўл харитаси» доирасида ташкил этилди. Учинчи кун машғулотлари касбий этика, ушлаб турилганлар билан мулоқот ва оператив амалиёт масалаларига бағишланди.

Мулоқот ўтган кунлар давомида кўриб чиқилган масалаларга қисқача таҳлилий шарҳ билан бошланди. Сўнгра Буюк Британиянинг Метрополитан полицияси (Метрополитан Police) вакиллари Филип Майкл Эндрюс ва Жон Нортон Дантурн иштирокида касбий этика, хизмат фаолиятидаги ҳисобдорлик ҳамда қамоқда сақлаш шароитида рухсат этилмаган усулларнинг қўлланилишини бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шундай қилиб, мазкур тренинг қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари ва кафолатлари, ушлаб турилганларнинг ҳимояга муҳтож тоифалари ва тиббий кафолатлар, шунингдек касбий этика, мулоқот ва оператив амалиёт мавзуларини қамраб олди. Машғулотлар назарий сессиялар ва амалий ишларни уйғунлаштирган ҳолда ташкил этилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг халқаро стандартларга мувофиқ амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Тадбир доирасида мулоқот техникалари ҳамда ушлаб турилган шахслар ва адвокат билан ўзаро самарали муносабатларни ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар кескинликни юмшатиш ва низоли вазиятлар кучайишининг олдини олиш кўникмаларини чуқурлаштирдилар. Шунингдек, ҳужжатлаштириш, ҳисоб ҳужжатларини юритиш ва содир бўлган ҳодисаларни қайд этиш тартиби қийноқлар ҳамда шафқатсиз муомаланинг олдини олишнинг муҳим кафолати, назорат ва мониторинг воситаси сифатида таҳлил қилинди.

Куннинг иккинчи ярми вазиятли сценарийларга асосланган гуруҳли амалий машғулотларга бағишланди. Иштирокчилар шахсларни қамоқда сақлаш жараёнида юзага келадиган мураккаб вазиятларда ходимларнинг ҳаракат алгоритмларини амалий тарзда ишлаб чиқдилар ва моделлаштирдилар. Машғулотлар асосида гуруҳлар бўйича тақдимотлар ўтказилиб, оператив фаолиятни такомиллаштиришга оид амалий тавсиялар берилди.

Тренинг якунида иштирокчилар ва халқаро экспертлар томонидан қамоқда сақлаш амалиётини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ходимларнинг касбий тайёргарлигини ошириш ҳамда инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор аниқ таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Жумладан, ушлаб турилганларнинг ҳуқуқлари тўғрисида хабардор қилиш тартибларини такомиллаштириш, тиббий кўрик ва ҳужжатлаштириш амалиётини ягона стандартлар асосида тартибга солиш, шунингдек, ходимлар учун мунтазам ўқув машғулотлари ва малака ошириш тизимини жорий этишга доир таклифлар билдирилди. Мазкур таклифлар келгусида амалий фаолиятга татбиқ этиш ва тегишли тавсияларни умумлаштириш мақсадида қайд этиб борилди.

Якуний савол-жавоб сессияси ва фикр-мулоҳазалар алмашинувидан сўнг тадбирнинг ёпилиш маросими бўлди. Тренинг иштирокчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech