Наманганда профилактика инспекторлари учун семинар-тренинг бошланди
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари (МФЙ) профилактика инспекторлари учун ўтказилаётган семинар-тренинг Наманган шаҳрида давом эттирилди. Ушбу икки кунлик машғулотлар “Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида ташкил этилмоқда.
29 июнда мазкур тадбирнинг биринчи куни бўлиб ўтди ва унда 300 дан ортиқ профилактика инспектори иштирок этди. Тадбирда асосий эътибор профилактика инспекторларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликдаги сўнги ўзгаришларни амалиётга татбиқ этиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди.
Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев ва Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Оқил Иқболов очиб берди.
Очилиш маросимида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 мартдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинганига эътибор қаратилди. Айни семинар-тренинг ана шу ҳужжат талабларини изчил бажариш йўлида ташкил этилгани таъкидланди.
Тадбирга Ички ишлар вазирлиги Академияси Давлат ва ҳуқуқий фанлар ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш кафедраси бошлиғи Дилором Худайберганова модераторлик қилди.
Профессор М. Тиллабоев “Халқаро стандартлар ва механизмлар” мавзусида маъруза қилар экан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари ва махсус тартиб-таомиллари билан ҳамкорлик қилишнинг амалий аҳамиятига алоҳида тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган масалалар юзасидан атрофлича сўз юритди.
Маърузачи 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани муносабати билан маҳалла институтининг янада мустақил ва халқчил тузилмага айланиши, “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ва оилавий ажримдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги устувор вазифаларга тўхталди. Маҳалла — туман (шаҳар) — вилоят — республика тизимини такомиллаштириш орқали аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш механизмлари, шу жумладан “Рақамли маҳалла” электрон платформаси орқали мурожаатларни сунъий интеллект ёрдамида саралаш ва уларнинг ижросини назорат қилиш тизимининг жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга экани уқтирилди.
Семинар-тренинг доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари юзасидан яна бир қатор кенг қамровли маърузалар тингланди.
Хусусан, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг Наманган вилояти бўйича минтақавий вакили Музаффар Исаев “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий стандартлар” мавзусида маъруза қилди. Бунда мазкур соҳада давлат органлари ва жамоатчилик институтлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигига қайд этилди.
Наманган давлат университети Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси мудири Иброҳим Атамирзаев “Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш — давлат ва жамиятнинг олий бурчи” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи инсон шаънини улуғлаш нафақат ҳуқуқий, балки маънавий-ахлоқий жиҳатдан ҳам жамият тараққиётининг асосий мезони эканлигига урғу берди.
Семинар ишида махсус субъектлар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари таҳлили ҳам марказий ўринда турибди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош мутахассиси Ҳусниддин Холмаматов ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда БМТ Конвенцияси нормаларининг профилактика инспекторлари кундалик фаолиятидаги амалий аҳамиятини ёритиб берди.
Шунингдек, Миллий марказ бўлим бошлиғи Иқболбек Абдумажидов ҳамда Ички ишлар вазирлиги Академияси доценти, подполковник Умид Фозилов қийноқларнинг олдини олиш масалаларига тўхталди. Маърузачилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида инсонпарварлик тамойилларини жорий этиш ҳамда халқаро-ҳуқуқий стандартларни миллий қонунчиликка янада уйғунлаштириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Ушбу семинар-тренинг шунчаки назарий мулоқот бўлиб қолмай, балки иштирокчилар учун амалий фаолиятдаги муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш, тажриба алмашиш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда муҳим платформа вазифасини ҳам ўтайди.
Тадбир доирасида энг фаол 10 нафар профилактика инспектори сертификат билан тақдирланди. Иштирокчиларга семинар-тренинг бўйича ўқув қўлланма тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский