Наманган ахборот-кутубхона маркази фонди инсон ҳуқуқларига оид янги адабиётлар билан бойиди

29 июнь куни Нодирабегим номидаги Наманган вилоят ахборот-кутубхона марказига инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб этувчи янги китоблар туркуми топширилди. Ушбу маърифий акция Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилди.

Тадбир доирасида Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев кутубхонадаги “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бурчаги” фаолияти билан яқиндан танишди. Кутубхона ходимлари билан ўзаро мулоқот чоғида ушбу маърифат маскани нафақат ҳуқуқий саводхонликни юксалтиришда, балки миллий адабиётимиз ва бой маданий меросимизни келгуси авлодларга безавол етказишда ҳам муҳим таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилаётгани эътироф этилди.

Миллий марказнинг айни ташаббуси мамлакатимиз ҳудудларида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг халқаро ва миллий қонунчиликка оид билимларини оширишга қаратилган. Жойлардаги кутубхоналар фондига тизимли равишда тақдим этилаётган адабиётлар инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёритувчи долзарб мавзуларни қамраб олади.

Ушбу янги нашрлар нафақат кенг китобхонлар оммаси, балки ҳуқуқшунослик соҳаси тадқиқотчилари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун ҳам муҳим илмий-манбавий базадир. Бу каби адабиётларнинг кутубхона фондига киритилиши илмий изланишлар олиб бораётган мутахассисларга соҳадаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш ва ҳуқуқий билимларни амалиётда самарали қўллаш имконини беради.

Наманган вилоят ахборот-кутубхона маркази маъмурияти томонидан мазкур маърифий ташаббус учун миннатдорчилик билдирилди. Тақдим этилган адабиётлар бу ерда Миллий марказ томонидан ташкил этилган “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаги фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

 матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech