Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Академик Акмал Саидов «Мен таниган Ўзбекистон» китоби тақдимотида иштирок этди

7 август куни пойтахтимизда туркиялик таниқли адиб, олим ва жамоат арбоби, доктор Кемал Явуз Атаманнинг «Мен таниган Ўзбекистон» китоби тақдимоти бўлди. Унда мамлакатимизнинг бой тарихи ва маънавий мероси, жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрни ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга хорижлик муаллиф нигоҳи акс этган асар кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов китоб муаллифини ва ушбу асар дунё юзини кўришига ҳисса қўшган ноширлар, матбаачилар, дизайнерлар, ҳомийлар ҳамда барча хайрихоҳ инсонларни янги нашр билан табриклади. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик, муштарак тарихий ва маънавий қадриятлар, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар ҳамда «Маърифат элчилари» лойиҳаси доирасида ўзбек ва турк тилларида нашр этилган мазкур китоб мамлакатимизни халқаро майдонда холис ва ҳаққоний танитишда муайян ўрин тутишига ишонч билдирди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар умумий тарих, муштарак маънавий қадриятлар ва ўзаро ишонч тамойиллари асосида янги босқичга кўтарилган. Бу жараёнда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин мулоқот ҳамда илмий-маърифий ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши муҳим омил бўлмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар, бой тарихий ва маданий меросни асраш ҳамда тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли ишлар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамламоқда.

Академик А.Саидов таъкидлаганидек, Ўзбекистон Президенти хорижий давлатлар раҳбарларига, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, илму маърифат намояндаларига китоб туҳфа этишдек ибратли ишни амалга ошириб келмоқда. Бу маънавий-маърифий туҳфаларнинг барчаси ушбу давлатлар билан ўзаро маданий алоқаларни ривожлантириш ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган. 

Янада эътиборлиси, Президентимиз 2020 йил 20 февралда Анқара шаҳрида Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этар экан, янги кутубхона фондига турли мавзудаги 350 дан зиёд китоб совға қилди.

Давлатимиз раҳбари ўша ташрифи чоғида эътироф этганидек, “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.

Тақдимот давомида мазкур асарда Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маънавий мероси, туркий-ислом цивилизацияси тараққиётидаги беқиёс ўрни, буюк алломалари ва давлатчилик анъаналари ҳақида сўз юритилгани қайд этилди. Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган давлат сиёсати ҳамда мамлакатимиз тараққиёт йўли ҳақидаги муаллифнинг холис фикр-мулоҳазалари баён этилганига урғу берилди.

Иштирокчиларнинг фикрича, муаллиф ўзининг кўп йиллик кузатувлари, илмий изланишлари ва Ўзбекистонга ташрифлари асосида мамлакатимизнинг кечаги тарихи, бугунги тараққиёти ва истиқболдаги мақсадларини хорижлик зиёли нигоҳи орқали ёритган. Бинобарин, ушбу китоб юртимизни дунёга холис ва ҳаққоний танитиш, унинг бугунги тараққиётини халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим манба ҳисобланади.

Тақдимот доирасида Кемал Явуз Атаман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.

Уюшма раиси Сирожиддин Саййид Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги адабий ҳамда маънавий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, бундай ижодий ҳамкорлик халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади. Ушбу эътироф ижодкорнинг ўзбек халқи тарихи, маданияти ва маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлидаги кўп йиллик хизматлари ҳамда икки қардош халқ ўртасидаги адабий-маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссасининг ифодаси бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 07.08.2026 Ko'rishlar 38
Ulashish