Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ҳасан Иброҳим: Ёш парламентарийлар ҳуқуқларни оддий сўзлардан реал ҳаётдаги ҳақиқатга айлантиришга интилади

Самарқандда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси ўз ишини давом эттирмоқда.

Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламентарийлар бюроси аъзоси Ҳасан Иброҳим ўз фикрлари билан ўртоқлашди:        

– Ушбу муҳим конференциянинг ташкил этилишида ташаббус кўрсатгани учун Ўзбекистонга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бу йилги инсон ҳуқуқларини қайта тиклашга бағишланган конференция мавзуси ниҳоятда долзарб. Биз янги можаролар, иқтисодий ноаниқлик, жадал технологик ўзгаришлар ва яна бир қатор жиддий инқирозлар даврида яшамоқдамиз. Аммо барча ушбу мураккабликлар замирида яна бир инқироз бор, у ҳақда ҳам гапиришимиз керак – бу умид инқирози. Бугун жуда кўп ёшлар эртанги кун бугунгидан яхшироқ бўлишига шубҳа қила бошламоқда. Улар таълим олишмоқда, аммо бу таълим уларга муносиб иш топиш имконини берадими, деган савол билан яшамоқда. Улар меҳнат қилмоқда, аммо бу меҳнат уларга муносиб ва фаровон ҳаёт қуриш имконини берадими, деб ўйламоқда. Улар технологиялар дунёни қандай ўзгартираётганини кузатмоқда, аммо бу ўзгаришлардан кимлар фойда кўриши, кимлар эса четда қолиб кетишидан хавотирланмоқда.

Ёшлар келажакка бўлган ишончини йўқота бошлаганда, биз ниманидир, жуда муҳим нарсани йўқотган бўламиз. Чунки умид – бу шунчаки ҳис-туйғу эмас, балки инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқ. Ҳуқуқларимиз таъминланганида эса умид ҳам ортади.

sTk1B3CUndUYrXom0w0EOZKMxRi4HePR_front

Таълим олиш ҳуқуқи – келажагингизни қуриш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш демак. Қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқи эса сизнинг овозингиз борлигини ва келажагингизга таъсир қиладиган қарорларда фикрингиз инобатга олинишини англатади.

Парламентарийлар сифатида бизнинг вазифамиз – ҳуқуқларни оддий сўзлардан реал ҳаётдаги ҳақиқатга айлантириш. Ёш парламентарийлар сифатида биз ёшларга етарлича яқинмиз – уларнинг ташвишлари ва орзу-умидларини тушунамиз. Шу билан бирга, биз бу муаммоларни ҳал этиш учун ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлган институтларда фаолият юритамиз.

Биз қонунларни ўзгартиришимиз мумкин. Биз бюджетларни шакллантиришга таъсир кўрсатишимиз мумкин. Биз парламентларимизни ёшлар учун янада очиқ мулоқотга тайёр институтларга айлантиришимиз мумкин.

                                                         Норгул Абдураимова,

Алишер Исроилов (сурат),

ЎзА

Nashr sanasi 04.09.2026 Ko'rishlar 38
Ulashish