Маск: сунъий интеллект одамларни иқтисодий меҳнат заруратидан озод қилади

Тадбиркор Нихил Каматнинг подкастида чиқиш қилар экан, Илoн Маск сунъий интеллект (СИ) ва робототехника соҳасида тез суръатдаги олға силжиш яқин икки йигирма йил ичида анъанавий меҳнатни талаб этилмайдиган ҳолатга келтириши мумкинлигини айтди.

Маскнинг тахминига кўра, машиналар тез орада ишларнинг катта қисмини бажаради, одамларга эса фақат ўз хоҳиши билан ишлаш имконияти қолади. 

Суҳбат давомида у СИ тизимлари ва универсал роботларнинг имкониятлари тобора кенгайиб, охир-оқибат зарур вазифаларнинг барча турларини қамраб олишини, шу тариқа инсон меҳнатини иқтисодий заруратдан шахсий танловга айлантиришини таъкидлади.

«20 йилдан ҳам камроқ вақт ичида иш мажбурий бўлмайди. Умуман ишлаш шарт бўлмайди. Хобби сифатида, холос», — деди Маск.

Каматнинг бундай келажак улкан ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳисобига юзага келадими, деган саволига жавобан Маск бу фикрга қўшилди ва одамлар барибир ишлашни истаса, ишлаши мумкинлигини қайд этди. У келгуси бандликни уй шароитида боғ парваришлашга қиёслади — одамлар ўз завқи учун шундай иш билан шуғулланиши мумкин, гарчи озиқ-овқатни дўкондан сотиб олиш анча осон бўлса ҳам.

Илон Маск ўз баёнотининг жуда жасур эканини тан олди ва 20 йилдан кейин одамлар орқага назар ташлаб, унинг адашганини айтиши мумкинлиги ҳақида ҳазил қилди. Шунга қарамай, миллиардернинг таъкидлашича, СИ ва робототехника ривожланиш суръатини инобатга олганда, бундай сценарий унда айтилган муддатдан ҳам аввал амалга ошиши эҳтимолдан холи эмас.

«Албатта, 20 йилдан кейин ёзувни қўйиб, “Қаранг, Илон мана бундай аҳмоқона прогноз берган эди, лекин у амалга ошмади”, дейиш мумкин. Лекин, менимча, у барибир рост бўлади: 20 йилдан ҳам камроқ вақт ичида, эҳтимол, 10–15 йилда СИ ва робототехникадаги ўзгаришлар ишни ихтиёрий машғулотга айлантиради», — деди Маск.

Илон Маскнинг бу сўзлари унинг 2025 йилда Tesla акциядорларининг йиллик йиғилишида айтган фикрлари билан уйғун. Ўшанда у Optimus роботи охир-оқибат камбағалликни йўқотиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Шунингдек, Маск келажакда Optimus каби роботлар бутун дунё бўйлаб одамларга янада яхши тиббий кўмак кўрсатиш имконини бериши мумкинлигини айтиб ўтган.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech