Махсус комиссия: Совуқ таъсирида зарарли заррачалар муаллақ ҳолда қолмоқда

Сўнгги кунларда атмосферага таъсир кўрсатувчи омилларни камайтириш бўйича катта ҳажмда ишлар амалга оширилди ва давом эттирилмоқда. Жумладан, Махсус комиссия томонидан Тошкент шаҳри ва унинг атрофида ифлосланиш манбаларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Махсус комиссиянинг ахборотига кўра, 24–28 ноябрь кунлари амалга оширилган тадбирлар натижасида жами 1 минг 449 та иссиқхона ўрганилди. Улардан 67 тасининг фаолияти тўхтатилди. 403 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилди. 19 та хўжаликка газ тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар берилди.

Қурилиш объектлари бўйича эса Тошкент шаҳрида жами 53 та ноқонуний қурилиш объектлари аниқланди. 34 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди. Атмосфера ифлосланиши қайд этилган 186 та ҳолат аниқланиб, 188 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. 51 та қурилиш объектига сув пуркагич ўрнатилди.

Автотранспорт воситалари бўйича ўрганишлар давомида юкни очиқ ҳолда ташиган 837 та ҳайдовчи, атмосферага меъёридан ортиқ зарар етказган 206 нафар ҳайдовчи жаримага тортилди.

Шунингдек, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида шаҳар бўйлаб 77 та кўча ва 165 та жамоат жойи намлантирилди. 121 км ариқлар тозаланди. 126 та фаввора ишга туширилди.

Тошкент вилоятидаги дарёлардан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш бўйича 54 та ҳолат аниқланди.

Ушбу комплекс чоралар натижасида сўнгги кунларда ҳавонинг ифлосланиш даражаси маълум даражада камайди. Хусусан:

⁃ 24 ноябрь ПМ2.5 — 171 мкг/м³,

⁃ 25 ноябрь — 152 мкг/м³,

⁃ 26 ноябрь — 140 мкг/м³,

⁃ 27 ноябрь — 111 мкг/м³,

⁃ 28 ноябрь — 97 мкг/м³ гача пасайди.

“Бироқ, ҳозирги вақтда мамлакатимиз совуқ антициклон таъсирида бўлганлиги сабабли инверсия ҳодисаси кучайиб, ҳаводаги майда заррачаларнинг муаллақ ҳолда йиғилиб қолиши қайд этилмоқда. Мазкур ҳолат табиий метеорологик жараён бўлиб, ҳавонинг тозаланиш тезлигини пасайтиради”, дейилади Махсус комиссия ахборотида.  

Қайд этиш лозимки, атмосферага зарарли ташламалар чиқараётган манбаларни аниқлаб, бартараф этишга қаратилган тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech