Ўмон нашри: Конституция – эркинлик ва тенгликнинг мустаҳкам кафолати

Ўмон Султонлигининг “Asdaaoman” нашри мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни кенг нишонланаётганини ёзиб чиқди. Мақолада бу йилги тадбирлар “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғоя асосида ўтказилаётгани таъкидланган.

Муаллифнинг қайд этишича, Янги Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида изчил давом этаётган стратегик ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва бу борада самарали натижаларга эришишда янгиланган бош Қомусимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Таъкидлаш жоиз, диёримизда барча ислоҳотлар “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида амалга оширилмоқда. Бу сўзлар шунчаки шиор эмас, балки Асосий Қонунда ўз ифодасини топган, кундалик ҳаётимизда намоён бўлаётган ҳақиқатдир. Маълумки, сўнгги йилларда ўлкамизда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни муносиб иш ўрни билан таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган улкан ишлар амалга оширилди. 

Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шарт-шароит яратиш ва имкониятларни кенгайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. 

– “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” ғоясининг асосий мақсади – ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойилларини амалга ошириш, шунингдек, ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароитини яратишдир. Бу йўлда давлат ижтимоий нотекисликни камайтириш ва эҳтиёжманд қатламларни самарали қўллаб-қувватлашга интилмоқда ҳамда бу борада ижобий натижаларга эришмоқда, -дейилади мақола якунида.

М.Пирматова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech