Ўзбекистон бағрикенглик сиёсатида дунёга ибрат бўлмоқда

Илм-маърифат инсониятни эзгуликка бошловчи қудрат манбаидир. Шу боисдан ҳам илм аҳлига юксак эҳтиром кўрсатилади, илм даргоҳлари алоҳида қадрланади.

Зотан, мамлакатнинг илмий салоҳияти унинг ташқи имижида муҳим аҳамият касб этади. Бу илмий муассасаларнинг бой мероси, анъаналари, олимларнинг нуфузи ва тадқиқотларнинг натижадорлиги билан белгиланади.

Бугун Ўзбекистоннинг халқаро майдонда эришаётган ютуқлари эътирофида ҳам илм-фан тараққиётига қаратилаётган эътиборнинг катта аҳамияти бор. Қувонарлиси, бу борадаги амалий ишлар тизимли ва изчил олиб борилмоқда. Юртимизда тарих, бугунги кунимиз ва келажакни уйғунлаштирган замонавий илм-маърифат марказлари бунёд этилмоқда, тадқиқотлар учун зарур шароит яратилиб, изланувчилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. 

Жорий йилда пойтахтимизда бунёд этилган ва ўз фаолиятини бошлаган Ислом цивилизацияси маркази бу борада фикримизга далил бўла олади.

Ислом цивилизацияси маркази тимсолида бугун мамлакатимизда илм-маърифат, маънавий комилликка бўлган эътибор энг юксак даражага етганини кўриш мумкин. Юртимизнинг диний-маънавий, маърифий соҳадаги салоҳияти ва бой меросини намоён этувчи ушбу марказ янги тадқиқотлар учун шубҳасиз, катта илмий база вазифасини ўтайди.

Шу билан бирга, диний соҳада илмий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорликка ҳам катта эътибор қаратилиб, ислом оламининг таниқли илм-маърифат марказлари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Хусусан, дунёдаги энг қадимий ва нуфузли ислом таълим марказларидан бири бўлган Мисрнинг Ал-Азҳар университети билан ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. 

Мисрнинг Al-Liwaa Al-Islami газетаси чоп этган мақолада Ўзбекистон ва Ал-Азҳар университети ўртасидаги илмий ва таълим ҳамкорлиги, хусусан, академик алоқаларни мустаҳкамлаш, билим алмашиш бўйича янги қўшма ташаббусларга эътибор қаратилган.

Қайд этилишича, томонлар илоҳиёт, ислом тадқиқотлари, мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашинувларни қамраб олган қатор қўшма илмий ва таълим лойиҳалари, экстремизмга қарши курашиш, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шунингдек, мақолада диний таълимга вазмин ва замонавий ёндашуви билан Ўзбекистон Ал-Азҳарнинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорига айланаётгани эътироф этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг куни кеча Қоҳирада Миср бош имоми, “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб билан ўтказган учрашуви ҳамкорлик ришталарини фаоллаштиришга қўшимча туртки берди.

Учрашувда ҳамкорликка доир бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, қўшма илмий лойиҳалар, академик алмашинув дастурлари, талабалар ва мутахассислар учун қўшимча грантлар ажратиш, маърифий тадбирлар ўтказиш бориш бўйича келишувларга эришилди.

11-12 декабрь кунлари Римда Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик-2026” мукофоти ҳайъатининг якуний йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди.

2019 йилда таъсис этилган Шайх Зайд номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти ҳар йили 4 февраль – Халқаро инсон биродарлиги кунида инсонлар ўртасидаги биродарликни мустаҳкамлаш, бағрикенглик, тинчлик, инсонпарварлик ва маданиятлараро мулоқотни тарғиб қилишда алоҳида хизмат кўрсатган шахслар ва ташкилотларга топширилади. 

Ҳайъат йиғилиши доирасида Саида Мирзиёева Рим папаси Лео XIV билан учрашиб, мукофотнинг маданиятлар ва динлараро англашувни кенгайтиришдаги ҳиссаси ҳақида суҳбатлашди. Учрашувда Ўзбекистонда турли конфессиялар вакилларининг тотувлик ва бағрикенглик муҳитида яшаётгани алоҳида эътироф этилди. 

 

 

Ушбу учрашув тимсолида Ўзбекистонда Давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик сиёсатига бўлган юксак эътироф ҳамда хайрихоҳликни кўришимиз мумкин.

Мазкур халқаро мукофотнинг “Инсоний биродарлик” деб номланиши бежиз эмас. 

Дарҳақиқат, инсонийлик – энг азиз қадрият, энг нозик ва бебаҳо хислат. Тинчлик, тотувлик, бирдамлик, ҳамжиҳатликни таъминловчи, ҳурмат ва муҳаббат, меҳр-оқибат туйғуларини ўзида мужассам этган кучдир.

Шу маънода, инсон қадри улуғланаётган, тотувлик ва бағрикенглик муҳити шаклланган юртимиз халқаро майдонда бу борада ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. 

Абдумуталлиб ЎКТАМОВ, 

Демократик жараёнларни 

таҳлил қилиш маркази эксперти

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech