Ўзбекистон ва Сербия Биринчи хонимлари "Имкон" болалар боғчасига ташриф буюрди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева ва Сербия Республикаси Президентининг рафиқаси Тамара Вучич биргаликда Тошкент вилояти Қибрай туманидаги реабилитация марказига эга бўлган "Имкон" кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига борди.
Меҳмонларни марказ мутахассислари кутиб олиб, бу ерда алоҳида парваришга муҳтож болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб беришди. "Имкон" маркази болалар боғчаси, логопедик ва психологик ёрдам, шунингдек, тиббий ва ижтимоий реабилитацияни ўз ичига олади.
Танишув давомида Зироат Мирзиёева ва Тамара Вучич болалар, тарбиячилар ва ота-оналар билан суҳбатлашиб, бундай муассасаларнинг инклюзив жамиятни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини таъкидлади.
Ўзбекистон Биринчи хоними инклюзив таълим тизимини ривожлантириш болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим йўналишларидан бири эканини қайд этди. Ўз навбатида, Сербия Президентининг рафиқаси Ўзбекистонда алоҳида парваришга муҳтож болаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан ҳайратда эканини билдирди ҳамда марказ фаолиятини юқори баҳолади.
ЎзА
 Ўзбекча
 English
 Русский