Ўзбекистон ёшлари нуфузли ёшлар саммитида қатнашмоқда

Айни кунларда Германиянинг Мюнхен шаҳрида дунёдаги энг йирик “One Young World 2025” ёшлар саммити бўлиб ўтмоқда. Унда 190 дан ортиқ мамлакат ёшлари қаторида мамлакатимиздаги масъул ташкилотлар вакиллари ва ёшлари иштирок этмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, бу йилги саммит асосий эътиборини айланма иқтисодиёт, масъулиятли технологиялар, таълим, нафратга қарши кураш ҳамда тинчлик ва хавфсизлик масалаларига қаратган.

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова ва БМТ Волонтёрлар дастури ижрочи координатори ўринбосари Андрей Погребняк ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди.

Бонн шаҳридаги БМТ Волонтёрлар дастури Бош қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда 2026 йилдан бошлаб ўзбекистонлик ёшларни хорижий мамлакатлардаги БМТ офисларига амалиёт дастурлари орқали юбориш бўйича келишув имзоланди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, бу ташаббус ёшларнинг халқаро даражадаги билим ва кўникмаларини ошириши, тажриба алмашиш ҳамда волонтёрлик фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистонда Халқаро Миллий қўмита ташкил этиш ва Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Ушбу ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ёшларининг халқаро майдондаги фаоллиги ортади, волонтёрлик маданияти эса янада кенгаяди.

Гулноза Бобоева,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech