Ўзбекистонда жами кўзи ожизлар сони маълум бўлди

2025 йил 1 ноябрь ҳолатига республика бўйича жами кўзи ожиз ногиронлиги бўлган шахслар сони 25 558 нафарни ташкил қилади.

Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги кўришида нуқсони бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мустақил яшаши, таълим олиши, меҳнат фаолиятида иштирок этиши ва ижтимоий ҳаётга тўлақонли қўшилишини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, 340 та ижтимоий, аҳолига хизмат кўрсатиш ва тижорат объектларида тўсиқсиз муҳит яратилиб, тактил қопламалар ўрнатилди.

Барча ҳудудларда 18 та гавжум чоррахаларда ҳамда қўшимча 753 та светофорлар овозли сигнал қурилмалари билан жиҳозланди.

Республика бўйлаб кўзи ожиз ва заиф кўрувчи 3 171 нафар ўқувчилар 17 та махсус мактабларда таҳсил олмоқда.

2025 йилнинг ўтган 10 ойи давомида кўз бўйича жами 7 756 нафар муҳтож шахслар қуйидаги реабилитация восилалари билан имтиёзли таъминланган:

  • кўз олмаси протези (115 та);
  • кўзи ожизлар хассаси (4 835 та);
  • брайл алифбоси (101 та);
  • брайл алифбоси учун ёзув мосламаси (111 та);
  • овозли тонометр (3 588 та);
  • овозли термометр (3 243 та);
  • овозли глюкометр (162 та).

Шунингдек, кўз бўйича ногиронлиги бўлган 13472 нафар фуқаро адаптив спортнинг шахмат, шашка, голбол, 5х5 футбол ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиб келишмоқда.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech