Президент нутқи Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган узоқ муддатли стратегиясини ифода этди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги иштироки ва унда қилган нутқи мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликка нисбатан очиқ, прагматик ва узоқ муддатли стратегияга эга эканини яққол намоён этди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимида интеграцион бирлашмаларнинг ўрни тобора ортиб бораётган ҳозирги даврда минтақавий иқтисодий иттифоқлар халқаро муносабатларни шакллантиришда муҳим омилга айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасида фаолият юритувчи Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши глобал ва минтақавий жараёнларга таъсир кўрсатувчи нуфузли институт сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши Евроосиё иқтисодий иттифоқининг энг юқори бошқарув органи ҳисобланиб, у ЕОИИнинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, умумий бозорни шакллантириш ва ташқи иқтисодий алоқаларни мувофиқлаштириш каби муҳим вазифаларни амалга оширади.
Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишлари нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки, мазкур майдон аъзо давлат раҳбарлари ўртасидаги стратегик мулоқот, ишончни мустаҳкамлаш ва умумий позицияларни мувофиқлаштириш учун қулай имконият яратади. Йиғилишлар давомида қабул қилинадиган қарорлар ЕОИИ маконида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бир қаторда, ташқи сиёсий муҳитда иттифоқнинг умумий позициясини шакллантиришга хизмат қилади.
Ҳозирги глобал иқтисодий беқарорлик ва халқаро бозорлардаги мураккаб жараёнлар шароитида бу каби минтақавий интеграция тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишидаги иштироки ва унда қилган нутқининг аҳамияти беқиёс.
Юртбошимиз ўз нутқида глобал бозорлардаги мураккаблашув, логистика занжирларидаги узилишлар ва инвестиция оқимларининг қайта тақсимланиши шароитида ЕОИИ мамлакатлари Ўзбекистон учун стратегик ва табиий шериклар эканини алоҳида таъкидлади. Бу ёндашув Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий тамойили – ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорликка таянишини кўрсатади. Бунда, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда транспорт-логистика инфратузилмасини уйғунлаштириш орқали ҳар икки томон учун аниқ ва ўлчаб бўладиган натижаларга эришиш мақсад қилиб қўйилган.
Кейинги тўрт йил давомида кузатувчи давлат мақомида амалга оширилган ҳамкорлик натижасида Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмасининг қарийб икки баробар ошгани муҳим макроиқтисодий натижа сифатида намоён бўлди. Айниқса, савдо таркибида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушининг ортиб бориши ҳамда саноат кооперация лойиҳаларининг кенгайиши минтақавий ишлаб чиқариш занжирларининг мустаҳкамланаётганидан далолат бермоқда.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон билан Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида савдо, саноат, молия, аграр сектор ва транспорт соҳаларини қамраб олган уч йиллик ҳамкорлик режаси амалга оширилаётганини қайд этиб ўтди. Шунингдек, электрон савдо, юк ташишни рақамлаштириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича тармоқ дастурларида иштирок этиш Ўзбекистоннинг замонавий интеграция йўналишларига фаол қўшилаётганини кўрсатади. Божхона чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситалари ҳақида ахборот алмашиш тўғрисида битим бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги ташаббус эса, логистика жараёнларини соддалаштириш ва Евроосиё транспорт йўлакларига интеграцияни кучайтиришга хизмат қилади.
Президентимиз Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши ҳақида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу қадам инфратузилма, энергетика, металлургия, кимё ва бошқа стратегик тармоқларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий асос яратди. Давлат раҳбари банкни фақат молиялаштириш манбаи эмас, балки интеграция лойиҳаларига инвестицияларни жалб қилувчи муҳим катализатор сифатида кўриш мумкинлигини қайд этиб ўтди.
Хулоса қилиб айтганда, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишлари Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, аъзо давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларини уйғунлаштириш ҳамда иттифоқнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу ўринда, Президентимизнинг нутқи Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган аниқ, тизимли ва узоқ муддатли стратегиясини ифода этади. Ушбу нутқ мамлакатимизнинг минтақавий интеграция жараёнларида фаол ҳамкор сифатида иштирок этувчи давлат сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Н.Абдураимова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский