Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий ишлар таҳлил қилинди
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қўшма мажлисида Олий Мажлис Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, фуқароларнинг мурожаатлари ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятларга оид суд хабарномалари асосида Болалар омбудсмани ва унинг котибияти ходимлари 46 та фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этган.
Шу билан бирга, 2025 йилда Болалар омбудсмани номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ҳамда бошқа юридик шахслар томонидан 1 934 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 509 таси ижобий ҳал этилган, 708 таси бўйича эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 та шахсий қабули ташкил этилган бўлиб, уларда жисмоний ва юридик шахсларнинг 98 та мурожаати кўриб чиқилган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинги натижаларига кўра, айрим давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан таъсир чоралари кўрилиб, Болалар омбудсмани томонидан 2 та огоҳлантириш, 3 та тақдимнома ҳамда 18 та хулоса киритилган.
2025 йил давомида бола ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчилик ва халқаро стандартларни тарғиб қилиш, бола манфаатлари ҳимоясига оид 2 239 та материал ОАВда эълон қилинган.
Муҳокама давомида масъул вазирлик ва идора вакиллари томонидан инсон ҳуқуқлари ва бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда уларнинг манфаатларини таъминлашга оид фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокама якунида қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекча
English
Русский