Ўзбекистон ва Сербия муносабатларида янги йўналиш ва катта имкониятлар йўли очилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари бугун янги мазмун касб этмоқда. Икки давлат ўртасидаги мулоқот нафақат икки томонлама ҳамкорлик доирасида, балки кенг минтақавий алоқалар тизимида муҳим ўрин тутмоқда.

Бу муносабатлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг мувозанатли ва прагматик йўналишини яна бир бор намоён этмоқда. Мамлакатимиз кейинги йилларда фақат анъанавий ҳамкорлар билан чекланиб қолмай, география жиҳатидан узоқ, аммо иқтисодий ва маданий жиҳатдан яқин бўлган давлатлар билан ҳам муносабатларни кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Сербия билан яқинлашув ҳам шундай ёндашувнинг амалий ифодасидир. Бу сиёсат нафақат иқтисодий манфаатларга, балки минтақалар ўртасидаги сиёсий барқарорлик ва дипломатик тенгликка хизмат қилади.
Иқтисодий жиҳатдан қаралганда, Ўзбекистон – Сербия ҳамкорлиги икки томон учун ҳам янги бозорлар эшигини очади. Машинасозлик, фармацевтика, ахборот технологиялари ва агросаноат соҳаларидаги шериклик лойиҳалари иқтисодий интеграциянинг муҳим нуқтаси бўлади.
Келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари фақат иқтисод билан чекланмайди. Таълим, фан, маданият ва спорт соҳаларидаги қўшма дастурлар халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Бу жараёнда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқ ёндашуви яққол кўзга ташланади.
Олий мартабали меҳмон 28 октябрь куни “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Мажмуа билан қисқача танишув асносида Сербия делегацияси вакилларига мазкур ансамбль мазмуни ва меъморий ечимлари ҳақида маълумот берилди.

“Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументи истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган. Уч минг йилдан зиёд давр – она Ватанимиз ҳудудидаги миллий давлатчилик тарихи илдизлари шу қадар теран. Монументга эътибор қаратган киши мана шу залворли ўтмишнинг бадиий ифодасига гувоҳ бўлади.
Олий мартабали меҳмонлар, расмий хорижий делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида бу ердаги монументга гул қўйиш анъанага айланган.
Делегация аъзолари мажмуада акс эттирилган алломалар, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, жадид боболаримизнинг сиймоларига алоҳида эътибор қаратди. Тинчлик, эркинлик, эзгулик тимсоли бўлган Ҳумо қуши тасвири мажмуанинг бамисоли гултожидай кўриниши эътироф этилди.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Сербия Республикаси Президенти Александр Вучични расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди.
Икки давлат мадҳиялари янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. Расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Сербия етакчисини самимий қутлар экан, ҳамкорлик давридаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга бўлишини ва Ўзбекистон – Сербия муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишини таъкидлади.
– Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланаётган йилда расмий ташрифингиз тарихий воқеадир. Ўзбекистонда Сербияга катта хайрихоҳлик билан қарашади. Халқларимизни мустаҳкам дўстлик ришталари ва ўхшаш менталитет боғлаб туради, – деди Ўзбекистон Президенти.
Музокараларда алоҳида эътибор товар айирбошлашни кўпайтириш, машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, агросаноат мажмуи, туризм ҳамда кўплаб бошқа муҳим тармоқларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлаш масалаларига қаратилди.
“Марказий Осиё – Болқон” йўналишида янги транспорт йўлакларини, жумладан, Транскаспий коридори доирасида ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида келгуси йилда Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.
Тартибли меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич Қўшма декларацияни имзоладилар.

Етакчилар ҳузурида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Жумладан:
– Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим;
– Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Тиббий хизматлар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Муҳандислик, илғор технологиялар, сунъий интеллект ва турдош соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Дипломатик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича 2026-2027 йилларга мўлжалланган дастур;
– Меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Тошкент ва Белград шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим.
Ўзбекистон билан Сербия ўртасидаги олий даражадаги музокаралар якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлди.
Фахрий меҳмонлар хиёбонида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга, икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очишга муштарак интилиш ифодаси сифатида дарахт экдилар.

Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари
 Ўзбекча
 English
 Русский