Қандай ҳолатларда фуқароларга давлат томонидан юридик ёрдам кўрсатилади?

Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва бу борада судга шикоят қилганда ўз ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам олишга мажбур бўлади.

Бундай вазиятда маблағи етарли бўлмаган, яъни, кам таъминланган шахслар қандай йўл тутиши керак? 

– Айнан кам таъминланган шахсларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда малакали юридик ёрдам олиши учун ҳуқуқий асос сифатида 2023 йилда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган, – деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов. – Қонунга биноан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар тоифаси аниқлаштирилган. Унга кўра, кам таъминланган шахслар, руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилгани муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар, Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи бўлган жисмоний шахслар бу ҳуқуқдан фойдаланади.

Бироқ, қонунчиликда Конституциявий судга мурожаат қилганда ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатгани учун адвокат хизматидан фойдаланганда давлат томонидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқи белгиланмаган эди. 

2026 йил 20 апрелда кучга кирган “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан айнан шу муаммо бартараф этилди.  

Янги таҳрирдаги Конституциянинг муҳим жиҳатларидан бири  – фуқаролар бевосита Конституциявий судга мурожаат қилиши ва конституциявий одил судловни амалга ошириш жараёнида тараф сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлигидир. 

Конституциянинг 133-моддасида фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилишга ҳақли экани мустаҳкамланган.

Яъни, Конституция фуқароларга конституциявий одил судловни амалга оширишда тараф сифатида иштирок этиш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини беради.

Табиийки, конституциявий одил судлов жараёнида тараф сифатида иштирок этиш учун фуқаро малакали юридик ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин.  

Шу боис, қонун билан тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам кўрсатиш жараёни янада такомиллаштирилди. 

 Қонун билан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги ва «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунларга кам таъминланган шахсларга муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига мурожаат этганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. 

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги конституциявий қонун 41-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди: «Конституциявий суд шикоят билан мурожаат этган фуқаронинг илтимосига кўра, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради».

Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя этилишини таъминлайди. Конституциянинг 55-моддасида белгиланган ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли, деган норма ижросини таъминлайди. 

Бир сўз билан айтганда, қонун фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга ҳамда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech