Сенат: Болалар шаъни, дахлсизлиги ва келажаги ҳар қандай лайк ёки фойда орттириш истагидан устун туриши керак

Болаларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, уларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш, жиноят процессида гувоҳ сифатида жалб этишнинг аниқ механизмларини белгилаш зарурати юзага келган. 

Сенат ялпи мажлисида “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамасида шу каби фикрлар билдирилди. 

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова кундалик ҳаётимиз тобора рақамлашиб бораётгани натижасида болалар учун айрим янги кўринишдаги киберхавфлар ҳам пайдо бўлаётганини таъкидлади.  Айниқса, Интернет орқали вужудга келаётган бу каби ҳолатлар кўпчиликни ташвишлантирмоқда. Минг афсуски, кейинги пайтларда Интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлар маконида вояга етмаган шахсларга нисбатан уятсиз, шаъни ва қадр-қимматини поймол этувчи ҳаракатлар ортиб бораётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. 

Рақамли маконда тарқатилаётган уятсиз фото ва видеолар бола тақдирига чуқур салбий таъсир кўрсатади. Бугун интернетга жойланган бундай материаллар йиллар ўтиб ҳам йўқолиб кетмайди, аксинча, бола улғайган сари уни таъқиб қилади. Эртага ўша бола катта бўлиб, ушбу видеоларга дуч келса, бу унинг руҳий ҳолати ва бутун ҳаётида оғир из қолдириши мумкин.

Болалар учун Интернетда хавфсиз муҳит бўлиши шарт. Унинг шаъни, дахлсизлиги ва келажаги ҳар қандай лайк ёки фойда орттириш истагидан устун туриши керак. 

Шу каби омилларни бартараф этиш мақсадида қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга болаларга нисбатан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. 

Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлиги ҳамда уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиши тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун жиноятларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech