Танзила Норбоева: Марказий Осиё аёллари тинчлик, бунёдкорлик вa адолат маконини яратишга қодир (+видео)

Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламентлари раҳбарлари ҳамда расмий делегациялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева бошқариб борган нуфузли анжуманда 2020 йилда ташкил этилган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформага айлангани қайд этилди. 

 – Марказий Осиё аёллари ривожланишнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи, муаммоларни биргаликда ҳал қилишга ва  минтақа келажагини шакллантиришга тайёр эканини намойиш этмоқда. Биз биргаликда тинчлик, бунёдкорлик вa адолат маконини яратишга қодир эканимизни исботладик. Бу  мулоқот гендер тенглиги ва  аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича тажриба алмашиш билан бирга амалий ҳаракатларга йўл очди. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Хотин-қизларнинг фаол иштирокисиз адолатли ва фаровон жамият барпо этиб бўлмайди”. Ишончим комилки, минтақадаги бошқа президентлар ҳам хотин-қизларнинг давлат тараққиётидаги ўрнига катта аҳамият беради, –деди Сенат Раиси. 

Бу йил Пекин декларацияси вa Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллиги, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг “Аёллар, тинчлик вa хавфсизлик” резолюциясининг 25 йиллиги нишонланади. Бу глобал ҳужжатлар шунчаки декларациялар эмас, улар ҳаракат учун қўлланма. Ўзбекистондаги ислоҳотлар бевосита Пекин платформаси вa БМТ резолюцияси руҳини ўзида мужассам этган.

– Марказий Осиё етакчи аёлларининг юқори даражадаги мулоқот учрашуви Тошкентда юқори даражадаги тайёргарлик ва самимият билан ўтганидан мамнунмиз, – деди  Тожикистон Мажлиси Оли Мажлиси намояндагон раиси ўринбосари Мавсума Муини. – Бу мулоқот беш йилдан ортиқ вақтдан бери ўз фаолиятини муваффақиятли ривожлантирмоқда. Тожикистон ушбу платформа доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Бугунги мулоқот доирасида қабул қилинган Тошкент декларацияси аёллар дуч келаётган муаммоларни қамраб олди. Уларнинг ечими бўйича биз биргаликда ҳаракат қиламиз. Шу нуқтаи назардан ҳам бу ажойиб платформадир. Хотин-қизлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш вa ривожлантиришда Ўзбекистоннинг ўрни, айниқса, Сенат Раиси Танзила Норбоеванинг саъй-ҳаракатлари беқиёс эканини эътироф этиб ўтмоқчиман.

– Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти – минтақа билан боғлиқ барча йўналишларни қамраб олмоқда, – деди Қирғизистон Жогорку кенеши депутати Лейла Лурова. – Бунда, парламентлар ҳамкорлиги муҳим ўрин тутмоқда. Минтақа мамлакатлари давлат раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ҳар бир дастурда аёллар иштирокига эътибор қаратилаётгани қувонарли. Ўзбекистон бугунги мулоқотни юксак савияда ташкил этганидан жуда миннатдормиз. Таъкидлаб ўтмоқчиманки, Ўзбекистонда хотин-қизлар сиёсий ва иқтисодий соҳаларда ютуқларга эришаётир.  Билдирилган статистик маълумотлар ҳам шуни тасдиқлайди. Ўзбекистон бу соҳаларда ҳақиқатан етакчилик қилаётганини тан олишимиз керак.

Мажлис доирасида 5 та сессия ўтказилди. Қарор қабул қилиш жараёнида аёлларнинг иштироки: ҳуқуқлар, имкониятлар ва масъулият, Марказий Осиёда аёллар тадбиркорлиги – иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорлик манбаи, аёллар салоҳиятини оширишда таълим ва репродуктив саломатлик сиёсати, инновациялар, оммавий ахборот воситалари ва иқлим сиёсатида аёллар иштироки: имкониятлар ва тўсиқлар, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва ҳуқуқий ҳимоя каби масалалар чуқур муҳокама қилинди. 

Мажлис якунида парламентлараро ташаббуслар доирасидаги келгусидаги ҳаракатлар ва ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қиладиган якуний ҳужжат – Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти декларацияси қабул қилинди.

Норгул Абдураимова,

Ойбек Давронов (видео),

Анвархўжа Аҳмедов (монтаж),

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech