Тарихий қадам: Италияда аёлларни хўрлаганлар умрбод қамалади

Италия парламенти тарихий қарор қабул қилди: эндиликда фемицид ҳолати — аёл киши жинсига нисбатан нафрат, устунлик ёки назорат туйғуси таъсирида ўлдирилиши алоҳида турдаги жиноят сифатида тан олинади ва бундай жиноятчига умрбод қамоқ жазоси белгиланади.

Мазкур қонун бутун дунёда “Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни”да қабул қилинди. Депутатлар “Гиулия Чеккетин” номи билан боғлиқ фожиали воқеадан сўнг бундай жиноятни алоҳида таснифлаш зарурлигини таъкидлаб келаётганди. 2022 йил 22 ёшли Гиулия собиқ йигити томонидан шафқатсизларча ўлдирилгач, мамлакат бўйлаб патриархал қарашларга қарши норозилик кучайди.

Италия шу тариқа Европа Иттифоқида фемицидни алоҳида жиноят сифатида тан олган кам сонли давлатлар қаторига қўшилди. Судья Паоло ди Никола таъкидлашича, бу тизим “аёлларга қарши зўравонликнинг асл илдизини кўрсатиш, айни ҳолатларни романтик рашк билан боғлаш каби нотўғри тасаввурларга чек қўйиш” учун муҳимдир.

Ҳозирча бу ҳужжат жиддий танқидга учрамаса-да, айрим ҳуқуқшунослар бундай таъриф жуда кенг кўламлилиги, муайян вазиятни баҳолаш қийин кечиши, баъзилар зўравонликка қарши росмана курашиш учун қонундан кўра кўпроқ таълим, иқтисодий тенглик ва гендер тамойилларини йўқ қилиш зарурлигини таъкидламоқда.

Гиулиянинг отаси Гино Чеккетин айтганидек:

– Қонун — бир қадам. Ҳақиқий ечим эса — ёшларни тўғри тарбиялаш ва зўравонлик илдизини йўқ қилиш.

Италия парламентининг 237 депутати томонидан бир овоздан қабул қилинган ушбу қонун жамиятда кенг муҳокамани бошлаб берди. Энди аёлларга қарши зўравонлик фақат жиноят сифатида эмас, балки ижтимоий муаммо сифатида кўрилиши кераклиги очиқ айтилмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech