"The European Circle": Самарқанд қадимдан илм-фан ривожланган цивилизация маркази бўлган
БЕРЛИН, 10 ноябрь. /"Дунё" АА/. Германиянинг машҳур "The European Circle" нашрида "Самарқанддаги ЮНЕСКО Бош конференциясида Ўзбекистоннинг таълим ва сунъий интеллект бўйича ташаббуслари тақдим этилди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон ЮНEСКОнинг 43-Бош конференциясида таълимни модернизация қилиш, сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш, медиа-саводхонликни мустаҳкамлаш, маданий меросни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларнинг етакчилик ролини ошириш каби ташаббусларни илгари сурди.
Ушбу ташаббусларни ҳаётга жорий этиш бўйича Ўзбекистон томонидан билдирилган таклифларни ҳам халқаро экспертлар алоҳида эътироф этишди. Жумладан, инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш, Ўзбекистонда ЮНЕСКО иштирокида "Сунъий интеллект мактаби" намунавий лойиҳасини амалга ошириш, сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказиш, хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНEСКО академиясини ташкил этиш ҳамда ишончли "яшил" дастурларни муваффақиятли амалга ошираётган шаҳарларни эътироф этиш учун "ЮНEСКОнинг экологик пойтахти"ни ташкил этиш таклифлари кўпчиликла катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, немис матбуотида ушбу нуфузли конференция ҳақида давлат раҳбарлари ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари келтирилган. Хусусан, ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле бу онларни "Тарихий" деб атаб, адабиётларда дунёнинг энг ёрқин маданий марказларидан бири сифатида таърифланадиган Самарқанд таълим, маданий мерос, фан ва ахборот соҳалари бўйича мулоқот ўтказиш учун муносиб маскан эканини таъкидлаган.
"Мазкур тадбирнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши рамзий маъно касб этади. Чунки бу замин қадимдан илм-фан ривожланган цивилизация маркази бўлган. Бунга мисол қилиб, Коперник ва Кеплер кашфиётларига асос бўлган, машҳур юлдузлар жадвали яратилган Мирзо Улуғбек расадхонасини олиш мумкин", – деб ёзади "The European Circle" нашри.
Ўзбекча
English
Русский