“The Japan News”: Ўзбекистон Президентининг сиёсати Марказий Осиёни янада барқарор, интеграциялашган ва истиқболли минтақага айлантиришга қаратилган

Япониянинг нуфузли “The Japan News” газетаси “Ўзбекистон чорраҳада: Тошкент Марказий Осиёда янги даврни қандай шакллантирмоқда ва бу Япония учун нимани англатади?” сарлавҳали мақола чоп этди.

Нашр ўлкамизни минтақани бирлаштираётган локомотив сифатида тасвирлайди. Айниқса, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари, чегаравий келишувлар, инфратузилма ва савдо интеграцияси алоҳида тилга олинган. 

– Минтақа алоҳида давлатлар йиғиндиси эмас, балки ягона иқтисодий ва стратегик ҳудуд сифатида кўрилмоқда. Марказий Осиё ичидаги савдо ҳажми 4,5 баробарга ошди, ўзаро инвестициялар икки баравар кўпайди. Қўшма корхоналар, чегарадош савдо зоналари ва саноат лойиҳалари (қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, автомобилсозлик ва бошқалар) кенгаймоқда. Янги темир йўллар, транспорт йўлаклари, логистика ва рақамли инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда, -дейилади мақолада. 

Шунингдек, газета саҳифаларида Япония Ўзбекистонни нафақат ишончли ҳамкор, балки бутун Марказий Осиёга кириш дарвозаси сифатида кўраётгани баён этилган. 

– Ўзбекистон ва Япония муносабатлари мустаҳкам. Минтақанинг интеграциялашуви Япония учун инфратузилма, энергетика, рақамли технологиялар ва инвестиция соҳаларида янги имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон Президентининг сиёсати Марказий Осиёни янада барқарор, интеграциялашган ва истиқболли минтақага айлантиришга қаратилган, -дея ёзади муаллиф.

Маълумот ўрнида: “The Japan News” кунчиқар юртдаги энг нуфузли инглиз тилидаги нашрлардан бири ҳисобланиб, “Yomiuri Shimbun” медиа гуруҳи таркибига киради. Унинг аудиторияси – дипломатлар, сиёсатчилар, инвесторлар, академик доиралар. Нашр Япония ички ва ташқи сиёсати, иқтисодиёт, халқаро муносабатлар ҳамда маданий жараёнлар бўйича таҳлилий ва ишончли материаллари билан ажралиб туради, шу боис у халқаро жамоатчилик учун муҳим ахборот манбаи сифатида эътироф этилади.

Ў.Алимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech