UNWTOнинг 50 йиллик тарихида ташкилотни илк бор аёл киши бошқаради
Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтган БМТ Туризм ташкилоти (UNWTO) 26-сессиясида мазкур тузилма бош котиби лавозимига БААлик Шайха Нассер ал-Новаис номзоди тасдиқланди.
Таъкидланишича, у UNWTOнинг 50 йиллик тарихида ташкилотни бошқарадиган биринчи аёл раҳбар ва БААнинг биринчи вакили бўлди. Ал-Новаис ушбу лавозимда 2026 йилнинг 1 январидан 2029 йилнинг 31 декабригача фаолият юритади. Шу вақтга қадар ташкилотни Зураб Пололикашвили бошқариб келаётган эди.
Янги бош котиб туризм ва меҳмонхона бизнесида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга. У “Rotana hotels” халқаро меҳмонхоналар гуруҳи вице-президенти, Абу-Даби Савдо палатасининг туризм бўйича ишчи гуруҳи раҳбари, Абу-Даби тадбиркор аёллар кенгаши ва Швейцариянинг «Les Roches Global Hospitality Education” меҳмонхона академияси кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Экспертлар фикрича, Шайха Нассер ал-Новаиснинг бош котиб сифатида сайланиши минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга замин яратиб, Осиё, Африка ва Марказий Осиёда барқарор туризмни ривожлантириш учун янги истиқболлар очади.
Г.Сатторова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский