Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Бельгиянинг “EUReflect” нашри “Одамлардан саноатга: Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон келажагини қандай шакллантирмоқда” номли мақола эълон қилди.

Унда давлатимиз раҳбарининг Японияга расмий ташрифи, шунингдек, юртимизда саноат, технологиялар ва “яшил иқтисодиёт” ривожига қаратилган ислоҳотлар самараси батафсил ёритилган.

Мақолада таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг кунчиқар юртга расмий ташрифи Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги прагматик ва узоқни кўзлаган ёндашувнинг яққол намунаси бўлди.  

– Японияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувдан бошланган ташриф давлат сиёсати одамлардан бошланади, деган тамойилни ўзида акс эттиради. Ўзбекистон учун хориждаги меҳнат мигрантлари ва талабалар ижтимоий юк эмас, балки миллий куч ва интеллектуал захира ҳисобланади. Уларнинг хорижда оладиган билим ва тажрибаси мамлакат келажагига хизмат қиладиган стратегик инвестициялар сифатида қаралади, -дейилади мақолада.

Муаллифнинг қайд этишича, Марказий Осиёда жаҳон марганец захираларининг 39 фоизи, хромнинг 31 фоизи, қўрғошиннинг 20 фоизи, рухнинг 13 фоизи, титаннинг 9 фоизи мавжуд. Япония учун бу таъминот занжирларини диверсификация қилиш, Ўзбекистон учун эса илғор саноат салоҳиятини ривожлантириш имконини беради. 

Шунингдек, нашрда диёримизнинг JBIC ва JICA каби етакчи молия институтлари билан ҳамкорлиги кенгайиб бораётгани Янги Ўзбекистон ислоҳотларига халқаро ишонч юқори эканини яна бир бор тасдиқлаши баён этилган. 

– Ушбу ташкилотлар билан миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилаётгани ислоҳотлар қуруқ гап эмас, балки аниқ натижалар бераётганини амалда исботламоқда, -деб ёзади муаллиф.

Нашр хулосасида ўлкамизда олиб борилаётган ислоҳотлар Ўзбекистонни хомашё экспорт қилувчи давлатдан замонавий, технологик ва инсон манфаатларига йўналтирилган иқтисодиётга эга мамлакатга айлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилган. 

Ў.Алимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech