Туркияда болалар интернетдан фойдаланишига доир чеклов ўрнатилди
Туркияда 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқдаги хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги қонун кучга кирди. Шу тариқа рақамли платформа ва ўйинлар оламига муайян ўзгаришлар киритилади.
Бу ҳақда “Reuters” хабар берган. Ҳужжатга мувофиқ, энди рақамли платформа вояга етмаган фойдаланувчининг ёшини аниқловчи махсус текширув тизимини йўлга қўйиши шарт. Бу тартиб нафақат ижтимоий тармоқ, балки ўйин платформаларига ҳам тегишли. Энди ҳар қандай онлайн ўйин ёш тоифаси бўйича таснифланиб, қатъий назорат қилинади.
Шунингдек, йирик халқаро платформалар зиммасига Туркияда расмий вакил тайинлаш мажбурияти юкланди. Мазкур ташаббус қонун ижросини таъминлашда давлат идоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш зарурлигини ифодалайди. Бундан ташқари ҳукумат болалар хавфсизлигини янада кучайтириш учун зарарли контентларни мажбурий чеклайдиган махсус СИМ-карталар жорий этиш, VPN хизматидан фойдаланишни чеклаш ҳамда 18 ёшгача бўлганлар учун қўшимча интернет қоидасини ишлаб чиқиш масалаларини ҳам кўриб чиқмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский