ЕИ қочқинларни учинчи давлатларга депортация қилишни тасдиқлади
Европа Иттифоқи мамлакатлари депортация қоидаларига киритилган ўзгаришларни якуний тасдиқлади — энди бошпана сўровчиларни улар ҳеч қандай алоқаси бўлмаган мамлакатлардаги бошпана марказларига тезроқ чиқариб юбориш имкони пайдо бўлди.
Расмий қарор ЕИ кенгаши томонидан душанба, 23 феврал куни қабул қилинди ва у Европа бўйлаб бошпана бериш қоидаларини ислоҳ қилиш доирасида 12 июн куни кучга киради.
Янги қоидаларга кўра, Германия ва ЕИнинг бошқа давлатлари одамларни учинчи мамлакатларга, ҳатто бошпана сўровчиларнинг у ерда ҳеч қандай шахсий боғланиши бўлмаган тақдирда ҳам, депортация қилиши мумкин бўлади. Илгари бунинг учун “яқин алоқа” — масалан, қариндошлар ёки узоқ муддат у ерда яшаганлик тарихи талаб қилинган. Энди эса ЕИ аъзоси бўлган давлат билан тегишли учинчи давлат ўртасида келишув бўлиши етарли. Бундай модел аввалроқ Буюк Британия томонидан синаб кўрилган ва “Руанда модели” деб ном олган.
Бундан ташқари, ЕИнинг барча аъзолари амал қиладиган, келиб чиқиш бўйича умумевропа “хавфсиз мамлакатлар” рўйхати ҳам якуний тасдиқланди. Унга Шимолий Африка мамлакатлари — Марокаш, Тунис ва Миср, шунингдек Косово, Колумбия ҳамда Жанубий Осиё давлатлари — Ҳиндистон ва Бангладеш киритилди.
Ушбу мамлакатлар фуқароларига нисбатан Германия ва ЕИнинг бошқа давлатларидан депортация қилиш аризаларни кўриб чиқишнинг тезлаштирилган тартиби ҳисобидан тезроқ амалга оширилиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, бошпанадан автоматик рад этиш назарда тутилмаган: уни бериш учун асослар барибир текширилиши шарт.
ЕИга аъзо бўлишга номзод мамлакатлар ҳам ўз фуқаролари учун “хавфсиз” деб ҳисобланади. Улар қаторига, масалан, Сербия, Албания, Черногория ва Туркия киради. Бироқ бу қоидадан истиснолар бўлиши мумкин — агар тегишли мамлакатга нисбатан ЕИ санкциялар жорий этса ёки у ерда қуролли тўқнашув бошланса. Бундай рўйхатларни ҳозиргача ЕИнинг айрим аъзолари, жумладан Германия ҳам, алоҳида юритиб келган.
Феврал ойи ўртасида ЕИ миграция қонунчилигини қатъийлаштиришни Европа парламенти маъқуллаган эди.
Kun.uz
Ўзбекча
English
Русский