Европа демократиядан чарчадими?

“Politico” нашри маълумотига кўра, Европанинг 5 мамлакати фуқароларининг 22 фоизи муайян шароитда диктатура демократиядан афзалроқ эканига ишонади, 26 фоизи эса, ҳатто бу демократия тартибини чекласа ҳам, “самарали ва қобилиятли етакчи”га фавқулодда ваколат беришга тайёр.

“Progressive Lab” таҳлил маркази буюртмаси билан “About People” институти томонидан 2025 йил 25 ноябрдан 16 декабргача ўтказилган сўровда Греция, Франция, Швеция, Буюк Британия ва Руминия жамоатчилигидан вакиллар иштирок этган.  

Социологлар таъкидлашича, кўпчилик ҳамон демократияни қўллаб-қувватлайди, аммо бундай тизим самарадорлигидан умидсизлик тобора кучаймоқда.

Энг кўп норозилик Жанубий ва Шарқий Европада кузатиляпти. Грецияда респондентларнинг 76 фоизи, Францияда 68, Руминияда 66 фоизи демократия тўғри ишламаяпти, деб ҳисоблайди. Шимолий мамлакатларда айни кўрсаткич пастроқ: масалан, Буюк Британияда 42, Швецияда 32 фоиз. Мутахассислар шубҳа кучайишини иқтисодий қийинчилик, юқори инфляция, миграция инқирози, анъанавий партияларга ишонч пасайиши ва сиёсий беқарорлик билан боғламоқда. Тўғри, ҳатто энг ашаддий тарафдорлар ҳам умуман сайлов ўтказмаслик ёки ҳуқуқ ва эркинликни бутунлай бекор қилишни талаб қилаётгани йўқ. Шунчаки, самарадор ва тезкор қарор қабул қилиш, бошқарувда қатъий қўлдан фойдаланиш усулини ёқламоқда.

Таҳлилчилар огоҳлантиришича, демократияни расман қўллаб-қувватлаш ва амалий умидсизлик ўртасидаги тафовут, айниқса, Европадаги иқтисодий нотинчлик ва хавфсизлик ортидан юзага келган муаммолар шароитида, популист ва радикал кучлар учун қулай замин яратади.

С.Раҳимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech