ЮНИСЕФ: Африкада 2,76 млн бола 5 ёшга етмасдан вафот этган
Сўнгги уч ўн йилликда дунё 5 ёшгача бўлган болаларнинг омон қолиши борасида катта ютуқларга эришди. Бироқ айрим мамлакатларда вазият ҳамон оғир. Инфографикада Африка мамлакатларида 5 ёшга тўлмаган қанча бола вафот этиши кўрсатилган.
ЮНИСЕФ маълум қилишича, 2023 йилда бутун дунё бўйлаб 5 ёшгача бўлган 4,8 миллион бола вафот этган. Энг оғир аҳвол Африкада кузатилган: бу ерда 2,76 миллион бола 5 ёшга етолмаган.
БМТнинг болалар ўлими кўрсаткичларини баҳолаш бўйича Идоралараро гуруҳи маълумотларига кўра, болалар ўлими улуши бўйича етакчи мамлакат — Нигер. У ерда болаларнинг 11,5 фоизи 5 ёшга етмай вафот этган. Нигерия, Чад ва Сомалида ҳам вазият ўта кескин: бу мамлакатларда ҳар ўнинчи бола 5 ёшга етмай ҳалок бўлади.
Шимолий Африкада эса вазият унчалик кескин эмас. Тунисда болалар ўлими кўрсаткичи 1,3 фоиз, Марокашда — 1,7 фоиз, Мисрда — 1,8 фоизни ташкил этган.
Бу маълумотлар Колумбия (1,2 фоиз) ва Мексика (1,2 фоиз) кўрсаткичларига яқин. Европада эса энг юқори болалар ўлими Молдовада қайд этилган — тахминан 1,5 фоиз.

Kun.uz
Ўзбекча
English
Русский